Бугун, 1 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражада очиқ ҳамда ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилгани ва бу Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янги даражага кўтарганини катта мамнуният билан қайд этди.
Рашид Мередов Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий аҳамиятга молик масалалар, жумладан, келгусида икки ва кўп томонлама форматда ўтадиган олий даражадаги тадбирларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқилди.