6 январь куни Шимолий Корея навбатдаги гипер товушли баллистик ракета учирди, синовни мамлакат раҳбари Ким Чен Ин кузатди, деб ёзди мамлакат Марказий телеграф агентлиги.

“КХДР Ракетасозлик бош бошқармаси яна бир ракета синовини муваффақиятли амалга оширди. Давлат етакчиси энг янги ўрта ва узоқ масофага мўлжалланган гипер товушли баллистик қурилма амалиётини видео ҳавола орқали томоша қилди”, — дейилган хабарда.

Пхеньян яқинидаги махсус майдондан шимоли-шарққа томон учирилган силжиш каллаги товуш тезлигидан 12 марта тез ҳаракатланди. Мўлжалланган траектория бўйлаб учиш давомида “дастлабки энг юқори баландлик 99,8, иккинчи максимал кўтарилиш эса 42,5 километрни ташкил этди. Бундай салоҳият учиш жойидан 1500 километр масофада, очиқ сувдаги ҳудудга аниқ зарба бериш имконини беради.

Aввалроқ “Yonhap” агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасига таяниб, КХДР Пхеньян ҳудудидан Япон денгизи томон 2025 йилдаги илк баллистик ракетани учиргани ҳақида маълум қилиб, бу ўтган йил январь ва апрель ойларида синовдан ўтказилган гипер товушли каллаклар билан қуролланган ўрта масофали қурилмага ўхшаш гипер товушли ракеталигини тахмин қилинди.

Aгентлик таъкидлаганидек, бундай турдаги қурол назарий жиҳатдан Пхеняндан тахминан 3400 километрда жойлашган Гуамдаги AҚШ ҳарбий базасига зарба беришга қодир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида КХДР Вашингтонга қарши курашиш учун “энг қатъий” стратегиядан фойдаланишга тайёрлигини билдириб, Жанубий Корея, AҚШ ва Япония ҳамкорлиги “тажовузкор ҳарбий блок”ка айланганини таъкидлаганди.

Г.Сатторова, ЎзА