Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда. Душанбе шаҳрида қурилиш материаллари бўйича навбатдаги Ўзбекистон савдо уйининг очилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ташаббуси билан амалга оширилган мазкур лойиҳа савдо алоқаларини кенгайтиришга қаратилган. Бу ташаббус икки давлат ишбилармонлари ўртасида янги ҳамкорлик имкониятларини яратишга замин ҳозирлайди.

Очилиш маросимида уюшма бошқаруви раиси Бахтиёр Бобоқулов, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида қатнашчилар савдо уйида яратилган шароитлар, қурилиш материаллари кўргазмаси ва уларнинг нархлари билан танишиш имконига эга бўлди. Шунингдек, тадбир доирасида икки давлат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил этилди.

2024 йил натижаларига кўра, Тожикистон Ўзбекистоннинг қурилиш материаллари экспорти бўйича энг йирик бозорларидан бири бўлиб, йил давомида ушбу давлатга 115 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган. Экспортда металл буюмлар, цемент, керамика маҳсулотлари ва ПВХ профил каби қурилиш материаллари етакчилик қилган. Шунингдек, янги турдаги маҳсулотлар – газобетон блоклари, иссиқлик сақловчи плиталар ва табиий тошлар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Уюшма ахборот хизматининг маълумотига кўра, Ўзбекистон савдо уйи нафақат экспорт ҳажмини ошириш, балки тадбиркорлар ўртасидаги узвий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан Боку ва Қобул шаҳарларида ташкил этилган шундай савдо уйлари ижобий натижаларга эришгани қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, Душанбе шаҳрида очилган Ўзбекистон савдо уйи икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Ушбу ташаббус нафақат минтақадаги савдо ҳажмини оширади, балки иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичини яратиши кутилмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА