Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида ер участкаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Бугунги кунда ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги талабларига риоя этиш мақсадида ер участкаларининг фойдаланиш мақсадини аниқлаштириш, ер участкалари фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ошириш зарурати юзага келмоқда.

Кўплаб тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролар бирор-бир фаолият турини амалга ошириш учун олинган ер участкаларидан фойдаланиш турини рухсатсиз ўзгартириб, ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги талабларига зид равишда бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. Шунга кўра, қонунчиликда ер участкаларидан рухсат этилган турларини белгилаш ҳамда бундан ер участкалари фойдаланувчилари, ижарачилари ҳамда мулкдорлари хабардор бўлишини таъминлаш нормаларини жорий этиш зарурати юзага келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда муҳокама қилинган ер участкаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси айни масалаларга қаратилган.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида 3 та кодекс ва 5 та қонунда ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш тизимини жорий этиш, уларни белгилаш ва ўзгартириш тартиблари акс этмоқда. Қолаверса, аҳолининг кўп сонли таклиф ва эътирозлари инобатга олинган ҳолда фуқаролар томонидан турар жойларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик юзасидан белгиланган жавобгарлик енгиллаштирилмоқда, яъни жарима миқдори камайтирилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари белгиланишига ва бундан ер участкалари фойдаланувчилари, ижарачилари ҳамда мулкдорлари хабардор бўлишига, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер участкаларидан фойдаланиш жараёнида ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги ўртасидаги муносабатларни таъминлашга хизмат қилади. Эътиборлиси, давлат ер ва шаҳарсозлик кадастрларини юритиш тартибини такомиллаштириш ҳамда турар жойга бўлган ҳуқуқини ўз вақтида давлат рўйхатидан ўтказмаган фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик енгиллаштирилишига эришилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА