Тибет автоном округига қарашли Тингри ҳудудий Маданият ва туризм департаменти маълумотига кўра, Ер юзидаги энг баланд чўққи ҳисобланган Эверест тоғи ландшафт парки кучли зилзила юз бергач, 7 январдан бошлаб сайёҳлар учун вақтинча ёпилди.

Жомолунгманинг шимолий таянч қўналғаси шу ҳудудда жойлашган.

“2025 йил 7 январь куни соат 9.05 да Шигатсе Урбан туманида содир бўлган 6,8 магнитудали зилзила туфайли сайёҳлар ва ходимларнинг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилиш мақсадида Эверест ландшафт парки ёпилади.”, — дейилган баёнотда.

Расмийлар кейинроқ очилиш вақти ҳақида алоҳида хабар беради.

Хитой ва Непал чегарасида жойлашган Эверест ёки Жомолунгма Ҳимолой тизимининг бир қисмидир. Тоғнинг денгиз сатҳидан баландлиги 8848,86 метр. Ушбу энг баланд чўққи илк бор 1953 йил  забт этилган. ХХР расмийларига кўра, 2024 йил Хитойдан Жомолунгмага 13 764 чет эллик саёҳатчи борган.

Бугун содир бўлган, марказий нуқтаси 10 километр чуқурликда қайд қилинган зилзила эпицентрига нисбатан 20 километр айланада жойлашган 3 шаҳар, 27 қишлоқда жами 6 900 га яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ҳозиргача расман ер қимирлаши оқибатида 53 киши вафот этгани, 62 киши турли даражада жароҳат олгани тасдиқланган. Сейсмологлар ҳаммаси бўлиб 49 марта силкинишни аниқлаган.

ХХР раиси Си Цзиньпин Марказий телевидениега берган интервьюсида Тибетдаги зилзиладан сўнг қидирув-қутқарув ишлари олиб бориш ва қурбонлар сонини камайтириш учун бор имкониятни ишга солиш бўйича кўрсатма берилганини таъкидлади.

— Жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, иккиламчи салбий оқибатларнинг олдини олиш, табиий офат қурбонларини тўғри жойлаштириш ва ёрдам ишларини сифатли олиб бориш учун барча саъй-ҳаракатни амалга ошириш зарур, — деган давлат раҳбари. — Шунингдек,  зилзилани кузатиш, эрта огоҳлантириш тизимини кучайтириш, шикастланган инфратузилмани имкон қадар тезроқ тиклаш, одамлар учун асосий яшаш шароитини таъминлаш, қишни иссиқ ва хавфсиз ўтказишини таъминлаш зарур.

Гўзал Сатторова, ЎзА