Президентимиз кураги ерга тегмаган буюк аждодларимизга муносиб ўғлонларни тақдирлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар фахрий унвон ва медаллар билан тақдирланган эди.

30 сентябрь куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари раҳбарлари, боксчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Мамлакатимизда ёшлар камолоти, спорт ривожи учун пухта замин яратилган. 2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси изчил амалга оширилмоқда. Жойларда янги спорт объектлари ишга туширилиб, ёшлар соғлом турмуш тарзига фаол жалб этилмоқда. Профессионал спортчиларнинг машғулотлар ўтказиши, маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун замонавий шароитлар яратилмоқда.

Президентимиз раислигида жорий йил 4 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган эди.

Ўтган қисқа вақтда спортчиларимиз бир нечта турнирларда иштирок этиб, улкан ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, 14-22 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 4 та медаль билан 2-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, совриндор спортчиларимиз 2020 йилги Токио Олимпиадасига ҳам йўлланма олди.

20-25 сентябрь кунлари Тошкентда дзюдо бўйича халқаро Гран-при турнири юқори савияда ўтказилди. Унда 71 мамлакат спортчилари 14 та вазн тоифасида қатнашди. Юртимиз терма жамоаси жами 6 та медаль билан 2-ўринга сазовор бўлди.

6-22 сентябрь кунлари Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати спортчиларимиз учун янада муваффақиятли кечди. Саксонга яқин мамлакатдан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган ғоят кескин беллашувларда терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди. АҚШ, Куба, Россия, Қозоғистон, Англия, Ҳиндистон каби бокс бўйича етакчи давлатлар вакилларини ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Жамоа сардори Баҳодир Жалолов чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси” деб эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари, аввало, спортчиларимизни, уларнинг устоз ва мураббийларини, бутун халқимизни бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихий ғалабаси билан самимий табриклади.

Бўлиб ўтган самимий мулоқотда терма жамоамиз бокс бўйича етакчи давлатлар вакилларини орқада қолдириб, якуний босқичда ғолибликни қўлга киритгани уларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий ва маънавий жиҳатдан ҳам яхши тайёргарлик билан майдонга чиққани натижаси экани алоҳида таъкидланди.

Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби ҳеч қачон кураги ерга тегмаган буюк аждодларимизга муносиб ўғлонларгина ана шундай улуғ зафарларга қодир бўла олади. Сизлар миллий спортимиз тарихида янги ва ёрқин саҳифа очиб, жонажон Ўзбекистонимиз обрў-эътиборини янада юксакларга кўтардингиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари учрашувда иштирок этган боксчиларимизнинг ота-оналарини алоҳида қутлаб, улар мана шундай мард, мустаҳкам иродали, ватанпарвар фарзандларни вояга етказиб, кўпчиликка намуна бўлганларини таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг 80 га яқин мамлакатидан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган ва ғоят кескин курашлар остида ўтган жаҳон чемпионатида терма жамоамиз энг юқори поғонага кўтарилгани улкан жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бунинг учун зарур бўлган беқиёс куч-ғайрат, билим ва маҳорат, мустаҳкам ишонч манбаи аввало, Ватанимиз, олижаноб халқимиз, унинг шонли тарихи ва бой маънавияти, десак, асло муболаға бўлмайди. Ана шундай буюк кучга таяниб, миллионлаб ёшларимиз юртимизни ҳар томонлама тараққий топтириш йўлида зўр ғайрат ва шижоат билан майдонга чиқмоқда, деди Президентимиз.

Маълумки, 2016 йил Бразилияда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ҳам боксчиларимиз ҳаммани қойил қолдириб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди. Эришилган бундай ютуқлар тасодифий эмаслигини, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини миллий терма жамоамиз аъзолари яна бир бор бутун дунёга яққол намоён этди.

Бу ғалаба “Ўзбекистон бокс мактаби”, “Ўзбекистон боксчилари” деган сўзларни жаҳон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Энди Ўзбекистон боксчиларини, ўзбек бокс мактабини тан олган ҳам тан олади, тан олмаган ҳам тан олади. Энди “Ўзбекистон”, “ўзбекистонлик” деса, манаман деган боксчилар ҳам ўйлаб рингга тушадиган бўлади, деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, бокс соҳасига кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган зарур шароитлар рўёби, аввало, мана шундай ютуқларда кўринади. Мамлакатимизда замонавий таълим-тарбия масканлари билан бирга, янги-янги спорт мактаблари ва мажмуалари, стадионлар, сузиш ҳавзалари барпо этилаётгани, болаларимиз қалбида спортга меҳр уйғотишга алоҳида аҳамият берилаётгани бу борада ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Айниқса, ҳурматли устоз ва мураббийлар меҳнати қадр топиб, уларнинг мавқеи ва мақоми ошиб бораётгани ютуқлар гарови бўлмоқда.

“Ёшлар – келажагимиз”, “Бешта муҳим ташаббус”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” каби дастурларнинг барчасида фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялашга, уларнинг спорт билан шуғулланишига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу ғалабанинг яна бир муҳим томони шундаки, у мамлакатимизда бошқа спорт турларининг ривожига ҳам қудратли туртки беради, ўз навбатида, ёшларни барча соҳаларда маррани баланд олиб, доимо ғалаба сари интилиб яшашга ўргатади, деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда терма жамоамиз қўлга киритган оламшумул ютуққа беқиёс ҳисса қўшган қаҳрамон боксчиларимизнинг ҳар бири ҳақида ғурур ва ифтихор билан фикр билдирилди.

Шаҳобиддин Зоиров бир қатор кучли рақибларни, хусусан, финалда ҳиндистонлик машҳур боксчини енгиб, дастлабки олтин медални қўлга киритгани, Миразизбек Мирзахалилов финалда кубалик ўта кучли рақибни иккинчи раунддаёқ мағлуб этгани, алпомишлар юрти – Сурхондарё фарзанди, учинчи олтин медаль соҳиби Баҳодир Жалолов ўта оғир вазнда ҳам чемпион, ҳам чемпионатнинг «Энг яхши боксчиси» деган эътирофга сазовор бўлгани, ёш, истеъдодли боксчимиз Дилшодбек Рўзметов бундай нуфузли мусобақада илк бор иштирок этганига қарамасдан, кумуш медални қўлга киритгани, бронза медалига сазовор бўлган Бобо-Усмон Ботиров ҳам жаҳон чемпионатида илк марта қатнашиб, фахрли натижага эришгани алоҳида таъкиланди.

Йиғилишда эришилган ғалабани таъминлашда мураббийлар таркиби, Бокс федерациясининг салмоқли ҳиссаси борлиги эътироф этилди.

Давлатимиз раҳбари кучли ва енгилмас жамоани тайёрлаш учун чинакам фидойилик кўрсатган, тўғри тактика танлаган ва пухта машғулотлар олиб борган Марат Қурбонов, Раҳматжон Рўзиохунов, Тўлқин Қиличев, Истам Кабинов, Баҳодир Эркаев, Фаррух Қиличев каби мураббийларнинг хизматларини юқори баҳолаб, уларни чин дилдан табриклади.

Мулоқот давомида келаси йил Японияда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Ўзбекистон боксчилари катта ғалабани қўлга киритиб, бу борада мустаҳкам пойдевор яратганига алоҳида урғу берилди.

Жадал ривожланаётган, очиқ ва демократик мамлакатимиз ўзининг спорт соҳасидаги янги қиёфасини намойиш этиши учун бу Олимпиада жуда катта имкониятдир. Албатта, спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, профессионал маҳорати ва тажрибаси жуда муҳим. Лекин энг зарур жиҳати – бу Олимпия жамоамизнинг руҳий тайёргарлиги. Спортчининг ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, натижа ҳам шунча юқори бўлади, деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда Президентимиз томонидан боксни мактаблар, маҳаллалар, туманлар ва вилоятлар даражасида ривожлантириш юзасидан зарур шароитлар яратиш бўйича концепция ишлаб чиқиш, боксни умуммиллий спорт турига айлантириш юзасидан алоҳида дастур ва чора-тадбирлар қабул қилишга доир муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Маросимда бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи М.Қурбонов, жаҳон чемпионлари Б.Жалолов, М.Мирзахалилов ва бошқалар спортни ривожлантириш ҳамда спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган доимий эътибори учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди.


 

ЎзА