Ўқитувчи энг обрўли касбга айланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 27 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Ана шундай фидойи ва жонкуяр инсонлар қаторида фарғоналик 10 нафар мазкур соҳа ходимлари ҳам бор.
photo5228853534915669124.jpg
Вилоят ҳокимлигида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими ўтказилди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, юксак давлат мукофотларини Президентимиз номидан тантанали топширди.
photo5228931316773399733.jpg
– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини эшитиб, жуда ҳам тўлқинланиб кетдик, –дейди Қува туманидаги 62-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг биология фани ўқитувчиси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони соҳибаси Маҳбуба Турсунова. – Жамиятимизда биз ўқитувчиларга бугунгидек эътибор ҳеч қачон бўлмаган. “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак“ деган ғояни амалга ошириш мақсадидаги катта саъй-ҳаракатларни кўриб, шу касб эгаси бўлганимиздан фахрланмоқдамиз. Бугун мен учун жуда ҳам қувончли кун. Меҳнати муносиб эътироф этилганлар қаторида борлигимдан хурсандман. Давлатимизнинг юксак мукофотлари барчамизга куч-ғайрат бағишлайди, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайди.
photo5228931316773399735.jpg

 

М. СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА