ШҲТга аъзо давлатлар ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирларининг ўн саккизинчи мажлиси тўғрисида

Тошкентда 26 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирларининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда ШҲТ Бош котиби ўринбосари Шерали Жонон, Ишбилармонлар кенгаши вакили, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари иштирок этди.
3.jpg
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов мамлакатимизда ушбу ташкилотга барқарор ривожланиш билан боғлиқ кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши кураш, Марказий Осиё ва дунёда хавфсизлик, барқарорликни таъминлашда нуфузли ва кучли таъсир майдонига эга тузилма сифатида қаралишини таъкидлади.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир масалалар кўриб чиқилди. ШҲТ доирасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
ШҲТ котибиятининг ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботи лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳани Тошкент шаҳрида жорий йил ноябрь ойида ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси чоғида тасдиқлаш учун тавсия қилинди.
Махсус ишчи гуруҳларга ШҲТнинг иқтисодий масалаларга доир дастурий ва режалаштириш ҳужжатларини тайёрлаш бўйича ишларни фаоллаштириш топширилди. ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши вакилининг 2018-2019 йилларда тузилма фаолияти ва 2020 йилга мўлжалланган устувор вазифалари тўғрисидаги маълумоти тингланди.23.jpg
Шунингдек, Тошкентда ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисига тайёргарлик ишлари бўйича ахборот тақдим этилди. Савдо, инвестиция, транспорт, логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, фазовий тараққиёт, фан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда ШҲТга аъзо давлатларнинг рақамли технологиялар даврида олис ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик концепцияси лойиҳаси маъқулланди. Концепцияни амалга ошириш механизми бўйича таклифларни белгиланган тартибда тақдим этишга келишиб олинди.
Делегация раҳбарлари ШҲТ Иқтисодий таҳлиллар маркази консорциуми регламенти лойиҳасини маъқуллади, тадбир якуни бўйича протокол имзоланди.

 

Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА