Пойтахтимизда яқинда фаолият бошлаган Президент мактабига оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Ушбу мактаб давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Илк Президент мактаби Тошкент шаҳрида иш бошлади. Aйни пайтда Наманган, Нукус ва Хивада Президент мактабларининг қурилиш ва жиҳозлаш ишлари якунланмоқда. Президент мактабларининг дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши ушбу муассасаларни бошқариш учун мутлақо янги моделни синаб кўриш зарурати билан боғлиқ. Синовдан сўнг, Президент мактаблари 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Aндижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.
Жорий йилда Президент мактабига кириш имтиҳонлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкентда икки босқичда бўлиб ўтди. Дастлаб, саралаш имтиҳонларида қатнашиш учун 28 452 нафар номзод рўйхатга олинди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. 27 119 нафар номзод эса саралаш имтиҳонларида иштирок этди.
Саралаш босқичи имтиҳони натижаларига кўра, 12 мингга яқин ўқувчи асосий имтиҳонларда иштирок этишни қўлга киритди. Aсосий имтиҳонларда битта ўринга даъвогарлар сони 20 кишини ташкил қилди. Имтиҳон натижаларига кўра, ҳар бир мактабга 144 ўқувчи қабул қилинди. Президент мактабларида асосий ва дастлабки синовлар “Cambridge Assessment International Education” мутахассислари томонидан ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Халқ таълим вазирлиги Президент мактабига кира олмаган бир гуруҳ иқтидорли ўқувчиларга юртимиздаги бошқа ихтисослаштирилган мактабларда таълим олишни тавсия қилди. Улар ушбу ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳонсиз қабул қилинди.
Президент мактаблари интернат сифатида фаолият кўрсатмоқда. Яъни, ўқувчилар 5 кун давомида мактаб ҳудудида (кампусда) яшаб, ўқишади. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетишлари мумкин. Бу ерда ўқувчилар бепул мактаб формаси ва овқат билан таъминланади.
Президент мактабларида ўқув жараёни “STEAM – таълим“ дастури (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics – математика) бўйича олиб борилади. Бу эса иқтидорли ёшларнинг фикрлаш қобилияти, ирода, ижодий салоҳияти, мослашувчанлигини ривожлантиришга имкон беради. Ушбу йўналишдаги дарслар инглиз тилида олиб борилади. Айни пайтда мактаб STEAM методологияси бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланган.
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун Президент мактабларида ўзбек тилида ўқитиладиган она тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларни чуқур ўрганишга алоҳида эътибор берилади. 9-11-синф ўқувчиларининг қизиқишлари ва хусусиятларига қараб, таълим ўқув жараёни индивидуализация қилинган ҳолда олиб борилади.
Президент мактаблари битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради. Канаданинг “Teachaway” ҳамда Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб этилди. Уларнинг барчаси махсус имтиҳондан ўтказилди.
Cambridge Assessment International Education вакиллари томонидан маҳаллий ва хорижий мутахассислар учун Кембриж ўқув дастурлари асосида махсус тренинглар ўтказилди. Шунингдек, Cambridge ўқув дастурини амалга оширишнинг ижобий тажрибасини ўрганиб, уни мамлакатимиздаги бошқа мактабларда қўлловчи маҳаллий мутахассислар жамоаси шакллантирилди. Аҳамиятлиси, Президент мактаблари ўзига хос билимлар марказига айланади.
Тошкентда барпо этилган ушбу мактаб биноси ғоят кўркам. Синфхоналари энг замонавий ўқув, техникавий жиҳозлар билан таъминланган. Дарс мобайнида муайян фан бўйича ўзбекистонлик ўқитувчи билан бирга хорижлик педагог ҳам болаларга биргаликда билим беради. Бу эса таълим сифатини ошириш билан бирга педагогларнинг ўзаро билим ва тажриба алмашинувида ғоят асқотиши табиий.
Мазкур мактаб директори Тўрабой Шерматовнинг айтишича, ўқувчилар юртимиз ва хорижлик педагоглар иштирокидаги ноанъанавий дарс жараёнларини бажонидил ўзлаштирмоқда. Синфхоналар ҳар бир фанга мос тарзда жиҳозланган, уларнинг дизайни, техник-ўқув услубий таъминланишига жиддий эътибор қаратилган. Бир қарашда мактабнинг оддий доскасидек туюлган ускуна бир вақтнинг ўзида ҳам электрон доска, компьютер вазифасини ўтайди. Мактабда болаларнинг тўлақонли таълим олиши, ўқишга, изланишга бўлган иштиёқини янада кучайтириш учун зарур барча шароит яратилган. Футбол, баскетбол, теннис майдончалари, сузиш ҳавзаси, жисмоний тарбия зали ҳавас қилса арзигулик даража.
Болаларнинг яшаш жойлари ғоят шинам. Кутубхона миллий ва хорижий ўқув адабиётлари, бадиий китоблар билан бойитилмоқда. Ундаги компьютерлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига уланган. Муҳташам амфитеатрда ўқувчилар учун турли маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказиш мумкин.
Буларнинг барчаси ёш авлоднинг пухта билимли, кенг ва соғлом дунёқараш эгаси бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Назокат УСМОНОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА