Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди​

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида бир гуруҳ юртдошларимиз ва мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижликлар фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

Кўксарой қароргоҳида 31 август куни ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Шавкат Мирзиёев йиғилганларни, уларнинг тимсолида жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча юртдошларимизни муборакбод этди.

Бугун барча-барча жабҳаларда ўзгаришлар рўй бермоқда. Ўзбекистоннинг иқтисодий қудратини юксалтириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиёт, одамлар турмушида катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва уларнинг дастлабки натижалари кўзга ташланаётгани таъкидланди.

– Халқ билан мулоқот ҳеч қачон бундай бўлмаган. Одамларни эшитсак, режамиз тўғри бўлади. Ҳамма ҳудудлар ва соҳалардаги ўзгаришлар – халқимиз билан биргаликда қилаётган ишларимиз самараси. Энг асосийси, халқимизнинг ишончи бизга куч беради, – деди Президент.

Ўзбекистоннинг халқчил, инсонпарвар сиёсатини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Ташқи сиёсат ҳам, ички сиёсат ҳам кенг кўламли мулоқот ва муносабатлар асосида, уйғун ҳолда олиб борилмоқда.

– Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад миллатимиз, халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаатини юқори тутишдир. Бунинг учун доимо етти марта ўлчаб, бир марта кесадиган сиёсат олиб боришимиз керак. Олдимизда мураккаб вазифалар турибди. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб, маррани катта олдик, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Шавкат Мирзиёев маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади. Уларни Ватанимизнинг асл фарзандлари, виждони пок, қалби уйғоқ одамлар деб атади. Самарали фаолияти, ҳалол ва фидойи меҳнати, ёшларга ибрат бўлаётгани учун уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.

Президентимиз тақдирланган юртдошларимиз ва хорижлик дипломатларга мукофотларни тантанали равишда топширди.

– Шундай юксак мукофотга муносиб кўрганлари учун Президентимиздан миннатдорман, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний“ жамғармаси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов. – Вазифа, мартаба инсоннинг ўзига бино қўйиб кибру ҳавога берилиши учун эмас, аксинча, эзгу амаллари билан ўзгалар қалбида яхшилик чаманзорларини бино этиш учун берилган имконият Қайси бир раҳбар шу қоидага амал қилиб иш кўрса, доимо халқнинг назарида бўлади. Мен ҳам ҳолми қудрат меҳнат қилиб, ҳазрат Алишер Навоий айтганидек халқ ичидаман, халқникиман, халқ билан биргаман. Бундан кейин ҳам қўлимдан келганича ўз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

Давлатимиз раҳбари мукофотланганларни яна бир бор Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами билан муборакбод этди ва уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, меҳнат фаолиятида улкан зафарлар тилади.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири