Шавкат Мирзиёев: “Наврўз” боғи ўзлигимизни англаш боғи бўлади

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкентда яна бир йирик иншоот – “Наврўз” боғи фойдаланишга топширилди. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур боғда яратилган шароитлар билан танишди.

Алишер Навоий бобомизнинг:

Ҳар тунинг қадр улубон,
Ҳар кунинг бўлсин Наврўз

деган ҳикматли сатрлари Президентимиз ташаббуси билан амалга ошди. Тошкентнинг Абдулла Қодирий, Лабзак, Нурафшон ва Шароф Рашидов кўчалари кесишган жойда “Наврўз” боғи барпо этилди.

Таъкидлаш жоизки, Наврўз боғи ушбу байрам нишонланадиган бирорта мамлакатда йўқ. Шу жиҳатдан Наврўз қадриятлари ва моҳиятини англашга қаратилган боғ бунёд этилиши халқимиз маънавий ҳаётидаги катта воқеа бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида бу ерга келиб, боғнинг мазмун-моҳиятини бойитиш бўйича тавсиялар берганди. Шу асосда қад ростлаган истироҳат боғида халқимиз маданияти, миллий қадриятлари чуқур ифодасини топган. 2,5 гектар майдонни эгаллаган этнографик шаҳарчада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар ва қадимий услубда уйлар бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари, ҳунармандчилиги, турмуш тарзи акс эттирилган.

Боққа келган киши юртимизда минг йиллар аввал астрономик мактаб шакллангани, ҳаёт боқийлиги, деҳқончилик маданияти, ризқ-рўз берадиган она заминни севишга қаратилган қадриятлар қадим замонларда пайдо бўлганини ҳис этади. Бу ердаги сайлгоҳларда еттилик рамзлар, қурилмаларда самовий тимсоллар ишлатилган, ҳудуд ландшафти кишининг баҳри дилини очади.

Боққа икки олам – коинот ва ернинг бир-бирига боғлиқлигини ифодаловчи рамзий шаклдаги дарвозадан кирилади. Тўғрида фавворали Наврўз амфитеатри жойлашган. Ён томонда ҳаёт давомийлиги тимсоли – диаметри 72 метрли чархпалак қурилган. Анҳор канали устидан ўтувчи 88 метрли кўприк дам олувчиларга ўзига хос сайр қилиш имкониятини улашади.

– Ўзликни англаш нуқтаи назаридан бу жойнинг аҳамияти катта. Бу ерда миллий қадриятларимиз, тарихимиз яққол кўринади. Ўз тарихини чуқур билган халқ ғурурли, қудратли, бадавлат бўлади, – деди Президентимиз.

Давлатимиз этнографик шаҳарчани кўздан кечирди. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос қадимий маданияти, ҳунармандлик, пазандалик анъаналари, фольклори, этнографияси бу ерга келувчилар учун маданий ҳордиқ билан бирга беқиёс тарихий манба бўлиб хизмат қилиши қайд этилди. Олимлар, ижодкорлар, маҳалла оқсоқоллари билан суҳбатда боғ фақат Наврўз кунлари эмас, йил давомида гавжум бўлиши, бу ерга келганлар маданий ҳордиқ билан бирга маънавий озуқа ҳам олиши кераклиги таъкидланди.

– Наврўз шунчаки удум ёки маросим эмас, у халқимизнинг тарихи. Бу байрам моҳиятида ўтмишимиз, бугунимиз, келажагимиз мужассам, – дейди ЎзРФА Алишер Навоий номидаги давлат Адабиёт музейи директори, “Дўстлик” ордени соҳиби Жаббор Эшонқул. – Президентимиз зиёлилар билан учрашувда бу боғ халқимизнинг ўтмиши билан бирга эртанги кунга интилишларини ҳам ифода этиши зарурлигини таъкидлади. Бу ерга келадиган юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар боғда тарихимизга тааллуқли ашёлар ва урф-одатлар билан танишиб, халқимиз қандай халқ эканини билиши зарур. “Наврўз” боғи шу жиҳатдан тарихимиз ва маданиятимизнинг кўзгуси бўлади.

Дам олиш масканида иккинчи босқичда ёпиқ аквапарк, Наврўз байрами тантаналарини ўтказишга мўлжалланган 3 минг ўринли амфитеатр, иккита автотураргоҳ барпо этилиши мўлжалланган. Келгуси йил Мустақиллик байрамига фойдаланишга топшириладиган ушбу иншоотлар “Наврўз” боғининг пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар янада сўлим гўшага айлантиради.


 

Матназар ЭЛМУРОДОВ, ЎзА