Ўқишга киритишни ваъда қилган университет ходими қўлга тушди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Андижон давлат университетининг архив мудири Г.М. фуқаро З.Н.дан унинг ўзини ҳамда танишлари Д.М. ва М.Ю.ларни мазкур университетнинг “Тасвирий санъат” йўналиши бўйича “сиртқи” бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига ҳар бири учун 4.000 АҚШ доллари талаб қилиб, жами 12.000 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дейилади Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабарида.
Мазкур ҳолат юзасидан Г.М.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Юқоридаги каби турли ноқонуний йўллар билан ўқишга киритишга ваъда бериб, тамаъгирлик қилаётган фуқаролар ёки мансабдор шахсларга дуч келсангиз, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг қисқа рақамли 10-07 ёки Департаментнинг 71-233-10-07 рақамли тун-у кун ишловчи ишонч телефонларига мурожаат этишингиз сўралади.

 

ЎзА