Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш мақсадида кўриб чиқилган бир қатор қонун лойиҳалари сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида ҳам дастлабки тарзда қизғин муҳокама қилинган эди.
Шу боис, депутатлар ишни “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини батафсил кўриб чиқишдан бошладилар. Қайд этилганидек, ушбу лойиҳанинг асосий мақсади мамлакат илм-фани ва илмий салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантиришда фан-техниканинг ҳиссасини ошириш, бажарилаётган илмий тадқиқотларнинг сифати ва самарадорлигини юксалтириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро узвийликни мустаҳкамлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ҳукумат томонидан “Фан тўғрисида” номи билан палатага киритилган лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида у 10 та модда билан тўлдирилиб, лойиҳа 48 та моддадан иборат бўлди. Асосий тушунчаларни қамраб олган моддадан воз кечилиб, илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга доир ўта аҳамиятли ҳолатлар алоҳида моддаларда тўғридан-тўғри меъёрлаштириб қўйилди. Илм-фан ва илмий фаолият соҳасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга масалалар – илм-фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, давлат мақсадли дастурлари, давлат ҳудудий дастурлари, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий боғлиқлигига оид янги моддалар киритилди. Шунингдек, илк бор илм-фан ва илмий фаолият соҳасини молиялаштириш масаласи қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Депутатлар мазкур қонуннинг қабул қилиниши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солинишида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини қайд этдилар.
Шундан сўнг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига ўтилди. Таъкидланганидек, мазкур лойиҳада валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўйилмаслиги, валюта курсини аниқлашда фақатгина бозор механизмлари қўлланишини назарда тутувчи қоидалар белгиланмоқда. Шунингдек, амалдаги қонундаги баъзи нормалар ўзининг долзарблигини йўқотгани сабабли тубдан қайта кўриб чиқилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, хорижий валютани эркин сотиб олиш ва сотиш имконияти ва миллий валюта айирбошлаш курси бозор механизмларидан фойдаланган ҳолда белгиланиши мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатдошлиги ва рентабеллигини ошириш билан бир қаторда, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан янги технологиялар ва билимларни жалб қилиш, экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда баҳс-мунозараларга бой бўлган масалалардан яна бири – иккинчи ўқишда кўриб чиқилган “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди. Айтиб ўтилганидек, амалдаги қонуннинг айрим нормалари халқаро стандартларга мос келмаслиги, Марказий банк банклар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш борасида етарли ваколатларга эга эмаслиги натижасида тизимда тартибсизликларга чек қўйиш қийин кечмоқда. Таклиф этилаётган, тўғридан-тўғри амал қилувчи нормаларни ўз ичига олган, илғор хорижий тажриба, умумэътироф этилган нормалар ва стандартлар асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан банк ташкил этиш учун дастлабки рухсат бериш, уни давлат рўйхатига олиш ва фаолиятини лицензиялаш тартиби, шунингдек, инвесторлар Марказий банк рухсатини олмасдан банк акцияларини сотиб олиши тартиби такомиллаштирилмоқда. Банкни қайта ташкил этиш, лицензияни чақириб олиш асослари, банклар фаолиятини тўхтатиш ва уларни тугатиш, шу жумладан, ихтиёрий ва мажбурий тугатиш ҳамда тугатувчининг ваколатлари ва мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда. Банклар фаолиятини тартибга солиш тизими такомиллаштирилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши республика банк тизимининг барқарорлигини оширишга, банклар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилишига, омонатчилар ҳамда банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Шундан сўнг кўриб чиқилган “Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Ҳозирда мамлакатимизда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишни ҳуқуқий тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, кодекслар (Фуқаролик ва Оила кодекси), қонунлар, қонуности ҳужжатлари, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда халқаро шартномалар ва келишувлар нормаларига мувофиқ амалга оширилади. Шулардан кўриниб турибдики, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартиб-таомиллари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи органларнинг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, ФҲДЁ органларининг ўзаро ҳамкорлик, фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби қонун даражасида аниқ белгиланмаган.
Ана шу ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқиб палатага киритилган қонун лойиҳаси фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этувчи барча органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, ФҲДЁ органлари ходимларининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш бўйича хизмат кўрсатиш жараёнидаги жавобгарлигини белгилашга имкон беради, шунингдек, барча фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибини аниқлаштиради.
Узоқ давом этган баҳс-мунозара, тортишувлардан сўнг мазкур лойиҳа депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси мунозараларга бой кечди.
Суд фақат жазо тайинловчи орган деган эски тушунчалар, қонун нормалари эса, шундай жазоларни қўллаш учун ҳуқуқий асос деган нотўғри талқинлар депутатларнинг сўнгги йиллардаги қатор саъй-ҳаракатлари туфайли ўзгараётгани, жамоатчилик томонидан депутатларнинг қатор таклифлари, ташаббуслари қўллаб-қувваталанаётгани сир эмас. Ушбу қонун лойиҳаси устида олиб борилган ишларда депутатларимиз суд ҳам, қонунлар ҳам адолат ўрнатишга хизмат қилиши зарур, деган ғояга суяниб, уни такомилига етказдилар. Лойиҳа муҳокамаси давомида унинг асл моҳиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Шунинг учун мажлисда кўриб чиқилган қонун лойиҳалари ичида энг кўп овоз тўплаб қабул қилинган ҳужжатлардан бири мазкур лойиҳа бўлди.
Лойиҳа суд томонидан жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этишни назарда тутади. Маъмурий жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида қўлланилмаслиги қайд этиб ўтилган.
Депутатларнинг қайд этишича, таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши фуқароларни тайинланган жарималарни ўз вақтида тўлашга рағбатлантиради, улар учун қўшимча қулайликлар яратади, шунингдек, маблағлар ўз вақтида Давлат бюджетига келиб тушишини таъминлайди.
Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

 

ЎзА