ОАВ: “Facebook” ўз криптовалютасини яратмоқда

“Вести.net”нинг “The New York Times” газетасида эълон қилинган мақолага асосланиб маълум қилишича, “Facebook” корпорацияси нархи АҚШ доллари, нефть ёки олтин каби анъанавий молиявий активлар қийматига боғлиқ бўлган ўз криптовалютасини ишлаб чиқмоқда. 

Қайд этилишича, корпорация криптовалютаси “WhatsApp” мессенжери орқали интеграция қилиниши мумкин. Интеграциядан сўнг “WhatsApp” фойдаланувчилари банк жараёнларини четлаб ўтган ҳолда лаҳзалик электрон ўтказмаларни дўстлари, қариндошларига дунё бўйлаб жўнатишлари мумкин бўлади. Ҳозирда рақамли валютани ишлаб чиқиш жараёни якуний босқичда турибди.

Хабарда изоҳ берилишича, “Telegram” асосчиси Павел Дуров TON блокчейн-платформасини ишлаб чиқишни бошлагандан сўнг “Facebook” жамоаси ҳам ўз криптовалютасини яратишга киришган. Маълумотларга кўра, Цукерберг корпорациясида бир нечта криптобиржалар билан музокаралар олиб борилган.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА