Ўзбекистон – Исроил агрофорумини ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди​

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Исроил давлатининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапира ва “Гадот Агро” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев исроиллик ҳамкорларнинг маҳсулот сифати ва миқдорини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида таркибий ислоҳотларни амалга ошириш учун илғор технологияларни қўллаш бўйича амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, элчи истиқболда қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш борасида ҳамкорлик икки томон учун ҳам бирдай манфаатли эканини қайд этди.
1.jpg
Тадбирда томонлар 2019 йилда “Action Plan” лойиҳасини тайёрлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. “Гадот Агро” компанияси вакиллари Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлигини ошириш ва тупроқ шўрланишига қарши курашиш учун томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон – Исроил агрофорумини 2019 йилнинг апрелида ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Форум доирасида Исроилнинг етакчи қишлоқ хўжалиги компаниялари вакилларининг вилоятларга ташрифи, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги бозори билан танишиш ва икки мамлакат фермерлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш режалаштирилган.
Шунингдек, вазирликда Қирғизистон қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазири бошчилигидаги делегация билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда соҳа мутасаддилари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини ижобий баҳолади.
Учрашувда муҳандислик, чорвачилик, уруғчилик каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди. Томонлар қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва 2019 йилга мўлжалланган режаларни белгилаш бўйича келишувга эришди.

 

А.Мусаев, ЎзА