Мамлакатимизда наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли комплекс тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон 1995 йил БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилган.
1999 йил Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.
Мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Аввало, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдираман.
Бу жуда муҳим учрашув бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини чуқур таҳлил қилиб берди. Бундан биз мамнунмиз.
Ўзбекистон минтақа ва халқаро тузилмалар доирасида гиёҳвандликка қарши курашишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида имзоланган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларга қарши курашиш бўйича англашув меморандуми мисолида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев билан бугунги учрашув якунларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш бўйича қўшимча ҳужжатлар тайёрлаш, яъни «йўл харитаси»ни белгилаб олиш, муҳокама қилинган таклиф ва ғояларни изчил амалга оширишга келишиб олдик.
Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз янада самарали бўлишига ишонаман.