Ўзбек ижодкорларининг асарлари Остонада

Шу йилнинг 2 февраль куни Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида “Ўзбекистон замонавий санъати” тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ҳамда “Замонавий Ўзбекистон” фотокўргазмаси очилди. 
Юртимизнинг Алишер Алиқулов, Хуршид Зиёхонов, Файзулла Аҳмадалиев, Умар Ражабов, Дилором Мамедова, Дилмурод Йўлдошев, Абдуҳаким Каримов, Бахтиёр Маҳкамов, Виктория Трошина, Иброҳим Валихўжаев, Бахтиёр Обидов, Нодир Шоабдураҳимов сингари таниқли мўйқалам усталарининг жами 43 та тасвирий санъат асари намойиш этилмоқда. Фотокўргазмадан эса мустақил Ўзбекистоннинг тарихи, бугуни, обод ва озод турмуши, замонавий тараққиёти, туристик салоҳияти акс этган 100 та фотоасар ўрин олган.
Бадиий кўргазмадаги “Настаринли кун”, “Хивадаги ҳовли”, “Тинчлик”, “Ҳаёт стратегияси”, “Табиатга саёҳат”, “Марварид баҳор”, “Гилос боғи”, “Наққош”, “Улоқ” каби кўплаб картиналар тасвирий санъат мухлисларига манзур бўлмоқда. “Ўзбекистон замонавий санъати” тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ҳамда “Замонавий Ўзбекистон” фотокўргазмаси февраль ойининг охирига қадар давом этади.

 

Н.Усмонова, ЎзА