Пенсия ёшига етганлар ишдан бўшатилаётгани йўқ, аксинча...

Интернет саҳифаларида “Хоразмда пенсия ёшига тўлган ўнлаб муаллим ишдан озод этилди” деган хабарни ўқиб қолдим. Зудлик билан Хоразм вилоятнинг Бош давлат меҳнат инспектори Бахтиёр Ибрагимов билан боғландим. 

Хоразм вилоятнинг Бош давлат меҳнат инспектори Бахтиёр Ибрагимовдан келган тезкор ахборотга биноан, 2018 йилнинг 22 декабридан 2019 йил 17 январигача бўлган даврда Хива шаҳри, Янгибозор ва Боғот туманларидаги мактабларда пенсия ёшидаги 8 нафар муаллим ва 9 нафар ўрта махсус билимга эга мутахассис билан янги меҳнат шартномаси тузилган. Улар мактабларда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасини бошқа маъмурий ҳудудлардаги мактаб, мактаб ёшигача бўлган тарбия муассасаларда бирорта пенсия ёшидаги муаллим ёки тарбиячи маъмурият ташаббуси билан ишдан озод қилинди деган маълумот шу пайтгача вазирликка келгани йўқ.

Қайд этиш жоизки, иқтисодиётимизнинг бошқа соҳаларида ҳам яқин давр ичида 182 минг яқин ёшга доир пенсиядаги олий ва ўрта махсус маълумотли, бой тажрибага эга педагог, тарбиячи, шифокор ва ҳамширалар меҳнат фаолиятига қайтиши кутилмоқда.

2019 йилнинг 1- январидан меҳнат билан банд бўлган пенсионерларга пенсия тўловлари 100 фоиз тўланиши давлат меҳнат назорати хизматининг доимий эътиборида.

Пенсионерларни иш берувчи ташаббуси билан ишдан озод қилиш, жумладан мактаб, мактабгача тарбия ҳамда тиббий-профилактика муассасаларида, мулк шаклидан қатъий назар иқтисодиётимизнинг бошқа соҳалари корхоналари, фирмалари ва ташкилотларида Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 100 моддаси, 2 қисми 7 бандидаги талабларга мувофиқ пенсия ёшидагиларнинг соғлиғи, меҳнат қилиш иштиёқи даражасини ҳисобга олиб, уларни енгилроқ иш билан таъминлашни касаба уюшмаси розилиги билан ҳал этиш тавсия қилинади.

Барча ҳолатларда ишлаб турган пенсионерларни асоссиз равишда раҳбарият ташаббуси билан ишдан озод қилган иш берувчиларга нисбатан минимал маош миқдорининг 10 каррасидан 100 каррагача жаримага тортиш борасида огоҳлантириш берилмоқда.

Яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Охирги даврда оммавий ахборот воситаларида, радио ва телевидение эфирларида “пенсия” ва “нафақа” сўзлари кўп ишлатилиб, бу терминларнинг моҳиятини адаштириб, талқин қилиш кўпайиб кетди.

Масалан, “Озодлик” радиоси “Пенсионерларни” “нафақа ёшдагилар” ва “ишловчи пенсионерларга нафақа тўлиқ миқдорда тўланиш” деган ибора ва сўзларни ишлатган. Буни ўзбекистонлик кўп миллионли пенсионерларнинг шахсини, уларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқейини, қолаверса кўп йиллик ҳалол меҳнат фаолиятини камситиш деб баҳоласа бўлади.

“Пенсия” – инсоннинг меҳнат жараёнида ҳосил бўладиган кўп йиллар ўз маошининг кексалик ёшига етганда “кечиктирилган” даромадининг муайян бир қисми ҳисобланади. Бу талқин Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларни пенсия таъминоти ҳақидаги” қонунида ёзилган.

“Нафақа” эса давлат ва жамоалар томонидан фуқаро қийин моддий аҳволга тушиб қолган шароитда бир маротаба ёки маълум бир муддатда оладиган ёрдам пули. Бу талқин Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш” қонунида ёзилган.

Шунинг учун “нафақага чиқди” сўзининг ўрнига “пенсияга чиқди” “нафақахўр” ўрнига “нафақа олувчи”, “пенсионерни” “пенсионер” деб ишлатиш шарт.

Ўзбекистон ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини демократик принципларга асосланган тарзда ривожланиб келаётган бир даврда бизнинг нуроний кексаларимизнинг ижтимоий мавқейини ва меҳнат ҳуқуқини камситишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Баҳодир Умурзоқов, 
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари 

 

 

ЎзА