“Локомотив” ўз сафига Жавоҳир Илёсовни ҳам қўшиб олди

Тошкентнинг “Локомотив” клуби янги мавсум олдидан таркибини кучайтиришда давом этмоқда. Темирйўлчиларнинг янги хариди ёш ва умидли дарвозабон Жавоҳир Илёсов бўлди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар қилди.
Ўтган мавсумларда “Машъал” ҳамда “Металлург” жамоалари сафида ишончли ўйинлар намойиш қилиб мухлислар меҳрини қозонган Жавоҳир Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ҳамда мамлакат миллий терма жамоасига потенциал номзодлардан саналади. Ёш дарвозабон “Локомотив” клуби билан 3 йиллик шартномага имзо чекди.
Ушбу трансфер орқали пойтахт темирйўлчилари келажакка муносиб пойдевор қўйишди, дейиш мумкин. Чунки, истаймизми-йўқми Игнатий Нестеровнинг ёши ўтмоқда ва унга муносиб ўринбосар бўлса клубга ортиқча бўлмайди. Илёсов эса ёш бўлишига қарамай, сўнгги мавсумлар давомида ўз жамоаларининг асосий посбонига айланиб улгурганди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача “Локомотив” ўз сафига АГМКдан Йован Жокич, “Бунёдкор”дан Филипп Райевац ҳамда Азиз Ҳайдаров, “Нефтчи” жамоасидан ёш ва умидли футболчи Авазбек Ўлмасалиевларни қўшиб олганди.
Маълумот учун, Жавоҳир Илёсов 1994 йил 6 февралда туғилган. Фаолияти давомида “Машъал” (2014-2017 йиллар) жамоаси сафида 48та ўйинда (4 241 дақиқа) майдонга тушган бўлса, ўтган мавсум “Металлург” таркибида 19 ўйинда (1 710 дақиқа) жамоаси дарвозасини қўриқлаган.

 

ЎзА