2018 йилда 4600 нафар мигрант вафот этган ёки изсиз йўқолган, дея хабар берган Миграция халқаро ташкилоти.
Женевада бўлиб ўтган брифингда ташкилотнинг расмий вакили Леонард Дойлнинг маълум қилишича камида 4 592 нафар мигрант сафар давомида вафот этган ёки изсиз йўқолган. Уларнинг ярмидан кўпи – 2 297 минг нафари Африкадан Европага Ўрта ер денгиз орқали ўтмоқчи бўлганлардир. Шимолий Африкада 567 киши, жанубий Сахарада жойлашган Африка давлатларида 559, Мексика ва АҚШ чегарасида 393, Африканинг бошқа ҳудудларида ― 274 нафар мигрант ҳалок бўлган ёки изсиз йўқолган. Рўйхатни Яқин Шарқ (121), Европа (109), Марказий Америка (77), Жануби-Шарқий Осиё (68) ва Марказий Осиё (52) давом эттиради. Бошқа ҳудудларда жабрланганлар анча кам. Хусусан, Кариб денгизида 34, Жанубий Америкада 27 киши вафот этган ёки изсиз йўқолган.
Дойлнинг маълумотига кўра 2018 йилда Европага Ўрта ер денгизи орқали 116 минг мигрант кириб келган.
Гулшод Азимова, ЎзА