Ҳатто технологиялар ВАТАНИ – Хитойда ҳам обуна ва матбуот давлат эътиборида экан!

Ўзбекистон матбуоти тақдири, келажаги бугун кўпчиликни хавотирга солаётгани сир эмас. Газеталарнинг обуна масаласи ҳамон ўз ечимини топганича йўқ. Обуна ташкил этишнинг муқобил ечимлари устида журналистлар, таҳририятлар бошқотирмоқда. Айни дамда Хитойда бўлиб турган ҳамкор журналистимиз Омонулла Файз обуна масаласи у ерда қандай ташкил этилгани билан қизиққан. Жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидан саналмиш Хитойда обуна қандай ташкил этилган? Технологиялар тараққиёти анча илгарилаган давлатда биздаги каби обуна ва матбуотга “кечаги кун” дея беписанд қарашадими?
Омонулла ФАЙЗ, Пекин 
KMM_6712.JPG
Хитой матбуоти тараққиётининг сири нимада?
Бугун Хитой Халқ Республикаси илғор ғоя ва ташаббуслари билан халқаро майдонда алоҳида эътироф этилмоқда. Масалан, “Бир макон, бир йўл” каби узоқ муддатга мўлжалланган йирик лойиҳалар унинг бошқа давлатлар билан муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир. Жумладан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар ўзаро ишонч ҳамда дўстлик тамойиллари асосида, барча йўналишда кенгайиб бораётгани диққатга сазовордир.
Сўнгги йилларда ушбу мамлакат билан муносабатларимиз янада фаол ривожланганини икки давлат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик кучайганидан ҳам билиш мумкин. Деярли ҳар ойда юртимиз журналистлари, техник-ижодкор ходимлар Хитойга ташриф буюриб, медиа оламидаги янгиликлар билан танишмоқда, тажриба алмашяпти. Қолаверса, хитойлик ҳамкасбларимиз ҳам айни шу мақсадда Ўзбекистонда бўлиб, телевидение, радио ва газеталар фаолияти билан қизиқяпти. Юртимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишаётир.
Шу кунларда биз, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Хитой Халқ Республикасида ижодий сафарда бўлиб турибмиз. Ташрифимиз давомида ушбу мамлакат оммавий ахборот воситаларидаги илғор тенденцияларни ўрганиш баробарида, Хитойнинг турли провинциялари, шаҳарларининг ШҲТ, “Бир макон, бир йўл” доирасидаги иқтисодий имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар оляпмиз.
KMM_4679.JPG
Сафаримизнинг дастлабки кунларида оммавий ахборот воситаларининг хитойликлар ҳаётида тутган ўрни билан қизиқдик. Қайд этиш жоизки, телевидение, радио, матбуот ва интернет-журналистика ноёб “ноу-хау”ларни ўзлаштирган, техник имкониятлари ҳавас қиладиган даражада. Марказий ва ҳудудий телеканалларни томоша қилсангиз, юқори тиниқликдаги сифат, янгиликларни узатишда тезкорлик, лавҳа ва хабарлардаги ранг-баранглик диққатингизни торт­май қўймайди.
Тарихнинг илк қораламаси
Хитойда газеталарга айни шундай ёндашув кенг шаклланган. Яъни бугунги матбуот келажак учун тарих, муҳим манбадир.
Ҳар бир нашр ўз сайтига эга. Шундай экан, ўқувчи фақат онлайн шакл билан кифояланса бўлмасмикан, деган мулоҳаза кўпчиликда туғилиши табиий. Гап шундаки, сайтлар ўз тартиб-таомилларидан келиб чиқиб, янгилик ҳамда воқеаларни қисқа ва лўнда қилиб узатади, уларнинг тўлиқ тафсилоти билан эса газета орқали танишиш мумкин. Матбуотни ўқиш одамни китобга йўналтиради, бу эса теран фикрлашга, кенг дунёқараш эгаси бўлишга йўл очади, деб ҳисоблайди хитойликлар. Умуман олганда, матбуотнинг бугунги кунгача барқарор ривожланишига аҳолининг матбуотга интилиши ва давлатнинг мунтазам равишда газета-журналларни қўллаб-қувватлашини ­асосий омил сифатида кўрсатиш мумкин.
Беш миллиондан ўн миллион нусхагача
Газеталар адади жиҳатидан Хитой дунёда биринчи ўринда туради. Масалан, марказий нашрлар беш миллиондан бошлаб, ўн миллион нусхагача чоп этилади. Ҳудудий газеталар ҳам жуда ривожланган. Нафақат провинциялар, балки унинг таркибидаги шаҳар ва туманларнинг ўз нашр­лари ҳам бўлиб, улар ўртача икки миллион ададда ўқувчилар қўлига етказилади. Ушбу мамлакатда обуна масаласи марказлашган ҳолда амалга оширилади.
Шу ўринда мамлакатнинг энг ривожланган нашрлари тўғрисида икки оғиз сўз. “Жэньминь жибао” (“Халқ газетаси”) давлатнинг бош нашри ҳисобланади. Мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳақида бири-биридан муҳим мақолалар, долзарб репортажлар, қизиқарли интервьюлар бериб борилади. Хитойликлар айни шу жараёнлар ҳақида газетадан ўқишни афзал билишади. Мазкур нашрнинг интернет фойдаланувчилари сони ҳам ҳайратлантирмай қўймайди — салкам саккиз юз миллион ўқувчидан иборат.
KMM_6567.JPG
Бир қанча ҳудудий таҳририятлар аллақачон йирик холдинг компания­ларга айланган. “Чэнду”, “Чжецзян”, “Гуанчжоу” “Хэнань”, “Дажонг” кундалик газеталари фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Улар катта даромад кўрадиган нашрлар ­саналади.
Севиб ўқиладиган газеталар орасида “Глобал таймс”, “Гунжэнь жибао” (“Ишчилар кундалиги”), “Фачжи жибао” (“Ҳуқуқ кундалиги”), “Нунминь жибао” (“Қишлоқ хўжалиги кундалиги”) ва ­бошқаларни келтириш мумкин. Яна бир нуфузли газета — “China Daily” ҳисобланиб, у фақат ­инглиз тилида чоп қилинади.
Бугунги кунда масс-медиани янада тараққий эттириш учун катта шароит яратилмоқда. Мамлакатнинг барча миллат ва элатлари тилидаги матбуот замонавий технологиялар билан таъминланди. Журналистлар тайёрлаш Давлат ­дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Миллий қадриятларни асраш йўлида
Хитой — улкан тарих, бой маънавий меросга эга мамлакат. Глобаллашув даврида миллий қадриятларни асраб-авайлашнинг ўзи бўлмайди. Шу нуқтаи-назардан бу ерда интернетга, ундан аҳоли тўғри фойдаланишига алоҳида эътибор қаратилади. Кўплаб ижтимоий тармоқлар базаси хорижий давлатларга тегишли эканлигини инобатга олиб, Хитой ўзининг мессенжерини яратишга муваффақ бўлди. “WeChat” бу мамлакатнинг “Tencent” компанияси томонидан ишлаб чиқилган дастурдир. Унинг ёрдамида хитойликлар хотиржам маълумот алмашишлари мумкин.
KMM_6618.JPG
“ОАВ мияси”, виртуал телебошловчи, томда боғ…
Ташрифимиз доирасида Хитойнинг асосий ахборот агентлиги “Синьхуа”нинг янги медиа-маркази ҳамда расмий сайти билан танишиш кўзда тутилган эди. Бизни бу ерда самимий кутиб олишди. Янги медиа-марказ соҳа ривожи учун кўмак бўладиган ишланмалар яратиш билан шуғулланади. Ана шундай “ноу-хау”лардан бири “ОАВ мияси” деб номланади. Махсус қурилма бирор анжуман ёки тадбирни кузатиб, унинг тафсилотлари ҳақидаги хабар ёки янгиликни ўн сония ичида тайёрлаб беради. Мутахассислар тадбирга оид ахборотни журналистлар қанча муддатда тайёрлаши мумкинлигини ҳам текшириб кўришди. Ўта чаққон мухбир бир тадбир тўғрисидаги хабарни тезкор тайёрлаши учун 15 дақиқа сарфлар экан. “ОАВ мияси” дастури аудиторияга маълумот етказишда ортиқча вақт сарфини йўққа чиқаради.
— Медиа-марказимизнинг яна бир янгилиги шу кунларда бутун дунёда катта шов-шув бўлди, — дейди “Синьхуа” ахборот агентлигининг ташқи алоқалар бошқармасининг ҳудудлар бўйича масъул ходими Чжан Цзе. — Бу сунъий интеллект асосида ишлайдиган ва матнларни мустақил ўқий оладиган виртуал телебошловчидир.
KMM_3842.JPG
Сунъий интеллект хитойликларнинг овози, лаб ҳаракати ва юз ифодаларини ўхшата олади. У ҳозирча хитой ва инглиз тилларида дастурларни олиб боради. Виртуал диктор ҳар куни 24 соат узлуксиз ишлай олади. Бу эса янгиликларнинг тезкор ва давомийлигини таъминлайди. Бундан ­ташқари, ушбу технология фавқулодда ахборот тарқатиш керак бўлган ҳолларда жуда фойдали.
“Синьхуа” ахборот агентлиги Хитой матбуотининг энг муҳим тармоғидир. Агентлик юз фоиз рақамли технологияга ўтган. Унинг электрон сайтига бир кунда 100 миллиондан зиёд ўқувчилар киради.
“Синьхуа” нафақат Хитойда, балки дунёда ҳам энг йирик халқаро ахборот агентликлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. У ҳозир Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Лотин Америкаси ва Африка ҳудудларида бош бошқармаларига, шунингдек, дунёнинг турли мамлакатларида бўлимларига эга. Хитойнинг барча ҳудудида мухбирлар пункт­лари мавжуд.
Сайт таҳририяти бир неча катта-катта хоналарда жойлашган. Ҳамма бир-бирини кўриб туради. Лекин ҳар бир ижодий ходимга ғоят қулай иш шароити яратилган: энг замонавий компьютер, ягона локал тармоқ, ҳаракатланувчи курси. Ҳар бир ходим ўрни атрофи ойна билан ўралган ярим айлана стол ва 9 квадрат метр жойдан иборат. Журналистлар қисқа вақт дам олиши учун бино томида боғ ҳам яратилган.
KMM_6541.JPG
Бизга маълумотлар жойланаётган бош саҳифани кўрсатишди. Унда матн, фотосуратдан ташқари, видеотасвирлар, ҳаракатдаги схема, диаграммалар ҳам бор эди. Воқелик ҳақида батафсил маълумот бериш учун дрон (учувчисиз видео қурилма)лардан фойдаланилади. Бу қурилма бошқарилади. Унинг ёрдамида ҳаводан туриб исталган ҳудудни тасвирга олиш мумкин. Бундай тасвирлар матн­ни тўлдиради, воқеа ҳақида батафсил маъ­лумот тақдим этади. Агар воқеа ер ости шахтаси, сув остида рўй берган бўлса, компьютерлар орқали “тикловчи” анимацион тасвир яратилади. Бу усул ҳам ўқувчилар эътиборини кенгроқ жалб этишга хизмат қилади.
Ижодий сафар давом этяпти. Биз турли провинциялардаги бошқа ОАВ ­фаолияти билан ҳам танишамиз. Улар ҳақида навбатдаги материалларимизда ҳикоя қиламиз.
* * *
…Бугунги матбуот келажак учун тарих, муҳим манбадир. Яна бир жиҳати, чинликлар мутолаага, матбуотга алоҳида эътибор беришади. Кўча-кўйда газета дўконлари кўп. Аҳоли бу ерда бир қанча нашрларни мунтазам равишда харид қилади. Почта хизмати ҳам самарали йўлга қўйилганки, ўқувчи обуна бўлган газета, у бир кунда икки маҳал, яъни кундузги ва кечки сонлари чиқишига қарамай, тезкорликда етказиб берилади.
 
Манба: xs.uz

 

ЎзА