Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Беларусь бизнес форумида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида қатор келишувлар имзоланганди. Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи С.Шерматов ва Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Маманов бошчилигидаги тадбиркорлар делегацияси Беларусь Республикасида бўлиб, имзоланган келишувлар доирасида музокараларни давом эттирди.
Беларусь Республикаси сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи давлатларидан. Бугунги кунда экспорт қилинаётган сут маҳсулотларининг ўндан бир қисми мазкур мамлакат ҳиссасига тўғри келмоқда.
Минск шаҳридаги “Минский молочный завод №1” ОАЖ (1929 йилда ташкил этилган)да кунига 900 тонна сут қайта ишланиб, 250 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади. Заводда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 40 фоиздан ортиғи Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Молдавия ва Хитойга экспорт қилинади.
Ташриф доирасида “Минский молочный завод №1” ОАЖ билан Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва “Шарқ агро” фермер хўжалиги ўртасида шартнома имзоланди.
Шартномада Тошкент вилоятида ташкил этиладиган қўшма корхона қурилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, технологик ускуналарни танловида иштирок этиш, бошланғич даврда малакали кадрларни Ўзбекистонга юбориб, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларини “Минский молочный завод №1” ОАЖда малака оширишларини таъминлаш, “Минский молочный завод №1” ОАЖ маҳсулотлари брендидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.
Шунингдек, ташриф давомида делегация аъзолари Беларусь Республикасининг “Агрокомбинат Снов” қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш кооперативи фаолияти билан ҳам танишди.
Бугунги кунда 2000 ишчи меҳнат қилаётган агрокомбинатда чорвачилик ва паррандачилик йўналишидаги йирик кластер шаклланган бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ қайта ишланади ҳамда тайёр маҳсулот сифатида истеъмолчиларга етказиб берилади.
Музокараларда Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан “Агрокомбинат Снов” ўртасида наслли чорва ҳайвонларини етказиб бериш ҳамда Тошкент вилоятидаги йирик чорвачилик фермер хўжаликлари зоотехник ва ветеринар каби мутахассисларини малака оширишга юбориш юзасидан келишувга эришилди.
Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Беларусь Республикасига экспорт қилишда катта имконияти мавжуд. Ташриф доирасида “Белкоопсоюз” истеъмолчилар жамияти билан Тошкент вилоятида ишлаб чиқарилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан ҳам музокаралар олиб борилди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 2-4 октябрь кунлари Беларусь Республикасининг “Белвитунифарм” ОАЖ, “Белкоопсоюз” истеъмолчилар жамияти вакиллари Тошкент вилоятига ташриф буюриб, қўшма корхона ташкил этиш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш каби масалалар бўйича музокаралар олиб борган.
Малоҳат Ҳусанова, ЎзА