Дунёнинг турли бурчакларида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, олимлар ва адиблар ўз ижтимоий-сиёсий, илмий ва ижодий фаолияти давомида буюк аждодларимиз, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига қўшган муносиб улушини юксак баҳолаб келмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб- яшнаган давлат барпо этган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатидагина мавқе тутмайди. Соҳибқирон ўз пойтахти бўлмиш Самарқандни ер юзининг чинакам маданий-меъморий ва илмий-маънавий марказларидан бирига айлантирган.
Буюк аждодимизнинг энг муҳим фазилатларидан бири шуки, ул зот бундан олти аср аввал давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ўз салтанати ёрқин истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу сабабли, у Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан – Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан – Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган.
Мамлакатимиз олимлари ва хорижлик мутахассислар томонидан илмий асосда эътироф этилганидек, Амир Темур тарихда ўз даврининг энг моҳир дипломати сифатида ҳам чуқур из қолдирган. Соҳибқирон буюк давлат арбоби сифатида ўз мақсадларига эришишда дипломатиянинг тинч йўли билан ҳарбий тадбирларни моҳирона қўшиб олиб борган.
Амир Темур барпо этган буюк салтанат ўша даврдан бошлаб нафақат қўшни мамлакатлар ва уларнинг бошлиқларини, балки узоқ юртлар ҳукмдорларини ҳам ўзига жалб этиб келган. Тарихий ҳужжатларнинг далолат беришича, XIV асрнинг 70-йиллариданоқ Европа давлатлари вакиллари Мовароуннаҳрга келиб, бу ердаги янги, мустақил давлатнинг қудрати ва салоҳияти билан жиддий қизиққанлар.
Соҳибқирон ҳам, ўз навбатида, айниқса, қудратли салтанат шакллангач, ўша даврнинг деярли барча таниқли давлатлари ва уларнинг ҳукмдорлари билан фаол дипломатик алоқалар ўрнатган. Турли давлатларга ўз элчиларини юборган, шунингдек, унинг ҳузурига йўлланган хориж элчиларини қабул қилган.
Амир Темур Кастилия ва Леон қироли Дон Энрике III (айрим манбаларда – Испания қироли Генрих III), Франция ҳукмдори Шарл VI (айрим манбаларда – Карл VI), Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юбориб, мутаносиб равишда испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа бир қатор – жами йигирмадан ортиқ хорижий давлатлар элчиларини ўз пойтахти Самарқандда қабул қилгани ҳақида атрофлича баён этилган кўплаб тарихий ва илмий асарлар бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Амир Темур дипломатиясининг ўзига хос томонларцдан бири – у ўзининг барча мурожаатларида, ҳатто қатъий талаб шаклида ёзилган номаларида ҳам Шарқ дипломатияси этикетларига риоя қилган. Айрим юртлар ҳукмдорларининг қўпол шаклда, баъзи ҳолларда жаҳл ва жаҳолат билан ёзилган номаларига ҳам Соҳибқирон ҳамма вақт ўз фикрларини аниқ баён қилган ҳолда маданият ва одоб билан жавоб қилганини ўша даврлардан мерос бўлиб қолган тарихий хатлар орқали билиб олиш қийин эмас. Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция қироли Шарл VI га йўлланган мактубида “Салом ва тинчлик эълон қиламан!”, деган сўзлар битилгани буни яққол тасдиқлайди.
Шу ўринда Францияда Амир Темур шахсига бўлган катта қизиқиш ҳақида тўхталиб ўтсак. Француз шарқшунослари Соҳибқирон ва у асос солган буюк сулола тарихини ёритишда фақат ҳарбий юришлар ва амалга оширилган ишлар солномасини тузиш билан чекланмасдан, ўша давр ижтимоий-сиёсий ва маънавий-мафкуравий муҳитини ҳамда Амир Темурга ва унинг авлодларига хос соф инсоний фазилатларни, уларнинг давлат, жамият, дин ва илм-фанга бўлган муносабатларини ҳам атрофлича тадқиқ қилишга алоҳида эътибор берадилар.
Француз шарқшуносларининг Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганиш миқёси кенг бўлиб, улар ўша давр бошқарув ва ҳарбий тизимини, маданияти, дини, фалсафаси ва илмий тафаккурини атрофлича ёритадилар. Санъат ва меъморчилик француз олимлари учун алоҳида ва доимий қизиқиш мавзусидир. Темурийлар Уйғониш даврига бағишлаб улар ёзган асарлар, ўтказган илмий анжуманлар ва кўргазмалар шундан далолат беради.
Шўролар даврида Амир Темур тўғрисида илиқ сўз айтиш айб, ҳатто жиноят ҳисобланган бир пайтда, яъни 1987 йил 22 мартда Парижда “Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий ҳамкорлиги” уюшмаси тузилган. Уюшма Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ва маданиятини тарғиб қилиш борасида дунёда биринчи тузилган ташкилотдир. Унинг асосий мақсади Амир Темур ва темурийлар маданияти ва санъати, Буюк ипак йўлининг муҳим қисми, Шарқ ва Ғарб маданиятларининг чорраҳаси бўлмиш Марказий Осиё тарихи ва унинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси билан кенг француз оммасини таништиришдан иборат. Бунинг яққол далили сифатида улар Самарқанду Шаҳрисабз, Бухоро-ю Хирот, Балху Шимолий Ҳиндистондаги тенгсиз Шарқ меъморчилик дурдоналарини мисол қилиб кўрсатадилар. Шу мақсадда уюшма турли темурхонлик кечалари, илмий анжуманлар, кўргазмалар ўтказиб туради. Темурийларнинг ҳақиқий ихлосмандлари бўлмиш уюшма аъзолари французларни машҳур тарихий “Самарқанд йўли”дан боришга, Амир Темур салтанати пойтахти мовий гумбазларига маҳлиё бўлишга, Шарқ уйғониш даври маданияти ва санъатидан завқланишга чорлайдилар.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликнинг ривожланишида уюшманинг муносиб ўрни бор.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, француз темуршунослари яратган асарлар қаторида профессор Люсьен Кереннннг китоб ва мақолалари алоҳида ўрин тутади. 1961 йилда Ўзбекистонга қилинган сафар профессорнинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган. Шу пайтдан бошлаб ўз ҳаётини Амир Темур шахси ва темурийлар сулоласи тарихини ўрганишга бағишлаган.
Профессор Л.Керен ўз асарларини ёзишдан аввал ўзидан олдин Амир Темур тўғрисида ёзилган Шарқ ҳамда Ғарб манбаларини чуқур танқидий нуқтаи назардан ўрганиб чиққан. Шарафиддин Али Яздий ва Ибн Арабшоҳнинг солномалари, Руи Гонсалес де Клавихо “Кундаликлари”, мавжуд тарихий-архив ҳужжатлари ва ёзма манбалар ҳамда таниқли француз шарқшуносларининг асарлари шулар жумласидандир.
У Соҳибқирон ҳақида улкан архив, тарихий, ашёвий ва ҳаётий маълумотлар тўплаган. Ана шу манба ва асарларни муқояса килиб ва таққослаб, улардан ҳар бирининг тарихий далиллар нуқтаи назаридан ишончлилигига ва холислигига ўз баҳосини берган. Натижада, у Амир Темурнинг мукаммал таржимаи ҳоли ва образини яратишга муваффақ бўлган, унинг фаолиятини теран ҳамда холис баҳолаган.
Л.Керен Амир Темур шахсига холис ва мафкуравий ақидаларсиз ёндашади. У илмий ва тарихий далиллар асосида мулоҳазалар юритади ва хулосалар чиқаради. Л.Керен Соҳибқирон шахсини таҳлил этар экан, фақат унинг ҳарбий истеъдодигагина эмас, балки мақсадини аниқлаб, унга эришиш борасидаги сиёсий заковатига, дипломатик маҳоратига ва бунёдкорлигига ҳам тан беради.
Профессор Л.Керен Амир Темур ва унинг Европа билан алоқаларига бағишланган бир қатор асар ва мақолалар муаллифидир. Унинг энг асосий китобларидан бири “Тамерлан ёхуд Соҳибқирон салтанати” илк бор 1978 йилда босилиб чиққан. Унинг йирик асарларидан яна бири “Темур даврида Самарқанд йўли” (Париж, 1990) китоби ЮНЕСКОнинг “Ипак йўли – мулоқотлар йўли” дастури доирасида тайёрланган.
Л.Кереннинг бу китоблари уни донғи кетган темуршунос олимлар қаторига қўшгани бежиз эмас. Айниқса, Соҳибқироннинг Европадаги ўрни ва хизматига оид фикрлари диққатни жалб этади. Л.Керен Амир Темур Европа андозасидаги буюк давлат бошлиғи ва музаффар саркарда, моҳир дипломат ва илм-фан ҳомийси эканлигини алоҳида эътироф этган.
Л.Керен “Амир Темур” номли икки қисм, олти пардали пьеса ҳам яратган. У салкам ўттиз беш йил давомида Амир Темур тўғрисида олиб борган тадқиқотларининг хулосаси сифатида шундай деб ёзади: “Бир томонда қаттиққўл Темур турса, иккинчи томонда илм аҳлини қутлаб, ҳимоясига оладиган Темур турарди; бир томонда бутун-бутун шаҳарларни забт қилувчи Темур бўлса, иккинчи томонда обидалар, мадрасалар, анҳорлар қурдирувчи ва боғлар барпо эттирувчи Темур туради. Бу мураккаб шахс муаррихлар учун ҳам жумбоқ бўлиб қолмоқда”.
Ўзбекистон ер юзидаги кўплаб мамлакатлар билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли алоқаларни камол топтиряпти, халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг барча шаклларини ривожлантириш йўлида изчиллик ва қатъият билан одимламоқда. Бу йўлда бизга буюк аждодлар, айниқса, Амир Темур мероси доим ҳамроҳдир.
Акмал Саидов,
академик
ЎзА