Куршат Четин: Ўзбекистон дориларига ишонинг ва сотиб олинг!

Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган дорилар сифатига қанчалик ишонасиз? “Ўзимизники-да”, деб қимматроқ импорт дори воситаларига кўз тикмайсизми? Ўн олти йилдан буён Ўзбекистонда дори-дармон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланаётган “Nobel Pharmsanoat” корхонаси “Ўзбекистонда дори-дармонларнинг сифати импорт медикаментлардан кам эмас”, деган шиорни олға суради. Компания раҳбари ўз фарзандлари касалликка чалинса, фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларини сотиб олишини айтади.

“Nobel Pharmsanoat” Туркиянинг “Nobel İlaç” (Нобель Илач) ширкати сармояси асосида ташкил қилинган йирик ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб, Ўзбекистонда 2002 йилдан буён фаолият кўрсатади. Бугунги кунда заводда 355 нафар киши ишлайди. Уларнинг фақат 2 нафари Туркия фуқароси. Корхонанинг 60 ном, 110 дан зиёд турдаги дорилари бугун дорихоналаримизни тўлдирмоқда. Уларнинг 5 тури ўзимизнинг хомашёдан тайёрланади. Бугунгача 2 миллион 600 минг доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган.

2004 йили Туркия билан ҳамкорликда ташкил этилган кўпгина қўшма корхоналар Ўзбекистонни тарк этган, бунинг маълум сабаблари бор эди. Улар орасида дори-дамон ишлаб чиқарувчиси бўлган “Nobel Pharmsanoat” эса Ўзбекистонда қолишга аҳд қилган. “Биз Ўзбекистоннинг келажагига ишонар эдик”, дейди корхона раҳбари Куршат Четин. 2016 йилга қадар конвертация очиқ бўлмагани сабабли корхона ўзига яраша қийинчиликларга дуч келган. Лекин шунга қарамай, “Nobel” Ўзбекистондаги корхонасини ёпмаган. “Биз Ўзбекистон иқтисодиётида ҳаммаси ўнгланишига умидвор эдик. Бугун мана Туркиядаги мен билган ҳар бир фирма Ўзбекистонга сармоя киритишга қизиқмоқда”, дейди Четин.

Бугун “Nobel Pharmsanoat” ўз маҳсулотларини Грузия, Афғонистон, Қозоғистон ва Туркияга экспорт қилмоқда. Ҳозирда компания дори воситаларини Европага экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ўзбекистонда конвертациянинг ёпиқлиги, корхона фаолиятига қандай таъсир қилганди? “Nobel Pharmsanoat” Ўзбекистоннинг бой табиий ўсимлик дунёсидан ҳам фойдаланиб, дорилар ишлаб чиқарадими? Биздаги онкологик дориларга бўлган эҳтиёжни тўлдиришда уларда имконият борми? Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги уларга қандай шартларни қўйган? Компания раҳбари Ўзбекистонда бизнес қилиш имкониятини қандай баҳолайди ҳамда унинг Тошкент ҳақидаги фикрлари билан қуйидаги видео суҳбатимизда танишасиз.

“Nobel”нинг бугунгача Ўзбекистонга киритган инвестициялари 40 миллион доллардан зиёд. Унинг Тошкентда қурилган янги замонавий заводи экспорт ҳажмини кўпайтиришга мўлжалланган. Завод йилига 10 миллион қути дори ишлаб чиқариш қувватига эга. Компания маҳсулотлари халқаро GMP стандартига жавоб беради. У ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 50 миллион қути миқдорида оширишни кўзламоқда.

 

Анора Содиқова, ЎзА