2018 йил 11 апрелда ЎзА веб-сайтида “Фашистлар 101 нафар ўзбекни Амерсфорт дўзахи азобига маҳкум қилган” сарлавҳали материал эълон қилинган эди.
Унда голландиялик тадқиқотчи журналист Ремко Рейдинг Голландиянинг Амерсфорт шаҳарчаси яқинидаги қабристонда Иккинчи жаҳон уруши йилларида асирга олинган ва фашизмнинг ваҳшиёна қийноқлари қурбони бўлган 865 нафар собиқ Иттифоқ жангчилари дафн этилгани, уларнинг 101 нафари Самарқанд вилоятидан сафарбар қилинган ўзбеклар эканини аниқлагани ҳақида ёзилган эди.
Шундан сўнг мазкур қабристон ва бу маскан билан боғлиқ маълумотлар ўрганилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида эса “101” лойиҳасини амалга ошириб, фильм яратиш вазифаси белгиланди.
Яқинда голландиялик тадқиқотчи Ремко Рейдинг Самарқандга келиб, вилоят архив идоралари ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди ва 101 нафар жангчи ҳақида маълумот тўплаш юзасидан фикрлашиб олди.
–18-34 ёш оралиғида бўлган бу ўзбек аскарлари 1941 йилнинг 10 июлида Смоленск яқинида асир олинган, – дейди Р.Рейдинг. – 27 сентябрда Голландияга, Амерсфортга келтирилган. Улар 1942 йил 9 апрель тонгида концлагер яқинидаги ўрмонга олиб чиқиб, отиб ташланган. 101 нафар ўзбек йигити ўзининг мардлиги ва жасорати билан голландияликлар қалбидан жой олганки, ҳозиргача Амерсфорт шаҳри яқинидаги ўрмонда ҳар баҳор юзлаб голландлар тўпланишади, 9 апрель – тонг саҳар ўрмонда 101 та шам ёқишади. Ҳозирда бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – “Monument Koedriest” ўрнатилган.
Тадбир давомида кино яратишдан аввал аскарларнинг айримлари ҳақида Самарқанд вилоятидаги архив идораларидан маълумотлар олиш, фильмда имкон қадар ҳаётий эпизодларни акс эттириш бўйича фикрлар билдирилди.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА