Бухоро – Қоровулбозор автомагистралининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисми. Йўлнинг икки чети бўйлаб турли оралиқларда ўрнатилган 5 контейнер-қути ҳайдовчилар эътиборини тортмоқда.
Чиқинди ташлашга мўлжалланган бу контейнерлар шу ҳудудда фаолият олиб бораётган “КНАУФ ГИПС БУХОРО” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона томонидан ўрнатилди.
Контейнерларга хабардорлик ва хавфсизликни таъминлайдиган ёруғлик қайтарувчи ёрлиқлар ёпиштирилган. Ҳар бир конструкциягача бўлган 100 метр масофада йўл кўрсаткич, яъни чиқиндиларни қутига ташлаш лозимлигини эслатувчи илтимоснома ўрнатилган.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи хорижий корхона буюртмасига асосан тайёрланган мазкур контейнерлар ташқи кўриниши, дизайни билан киши эътиборини тортади. Чиқинди турига қараб уч қисмга ажратилган ушбу металл қутилар бетон пойдеворга маҳкамланган.
Жамиятда фаровонлик ошиши билан истеъмол кўлами ҳам ортади. Ташланган ва қайта ишланмаган чиқиндилар тупроқ, сув ва ўсимликни заҳарлаган ҳолда катта ер майдонларини чиқиндихонага айлантиради. Афсуски, аксарият чиқиндилар ўз-ўзидан деярли парчаланмайди. Ёқиб юборилганида эса, ҳавога зарарли газ чиқади. Чиқиндиларнинг саралангани атроф-муҳитни муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, чиқиндилар мато, қоғоз ва шиша ишлаб чиқаришда иккиламчи хомашё ҳисобланади. Демак, табиий ресурслар тежалади. Шу каби ҳолатлар инобатга олиниб, юқорида тилга олинган функционал қутилардаги чиқиндилар туриб қолмайди. Улар шартнома асосида хизмат кўрсатувчи “Аҳоли Транс” МЧЖ томонидан қайта ишлаш корхонасига етказиб берилади.
– Корхонамиз учун бу ер ишлаб чиқариш ҳудуди ёки маҳсулот сотиш бозори эмас, балки биз яшайдиган ва меҳнат қиладиган замин, – дейди қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи “КНАУФ ГИПС БУХОРО” хорижий корхонаси бош директори Дмитрий Дерипалко. – Шу боис, биз табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги меъёрларга ҳамоҳанг равишда минтақа атроф-муҳитини асрашга алоҳида эътибор қаратилган экологик сиёсат олиб борамиз. Корхонада ҳавога чиқиб кетадиган чангларни фильтрловчи қурилмалар ўрнатилган. Ҳар йили заводимизга туташ ҳудудда чўл иқлимига мос дарахт кўчатлари ўтқазамиз. Бундан ташқари, яқин ҳудуддаги “Жайрон” экомарказига ҳам моддий ёрдам кўрсатамиз. Айтиш керакки, корхонамиз ўзига тегишли бўлмаган йўл атрофидаги ҳудудни тозалаш ишларига ҳам эътибор бериб келган, лекин у фақат вақтинчалик самара берган. Чиқинди ташлаш контейнерлари йўқлиги сабаб кўпчилик ҳайдовчилар яроқсиз қоғоз, чанқоқбосди ичимликлардан бўшаган пластик идиш, полиэтилен халтачаларни машина ойнасидан ташлаб, дашт ландшафтини ифлослантирган. Заводга туташ қисмда бўлса-да, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун мазкур лойиҳани амалга оширдик. Бу атроф-муҳитни асраш, аҳоли экологик маданиятини оширишга қаратилган муҳим лойиҳадир.
Аслида, бу экологик лойиҳа ҳақида кичик бир хабарда ҳам маълум қилиш мумкин эди. Лекин бу каби лойиҳаларнинг жойларда тарғиб қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бири 4 миллион сўмлик мазкур чиқинди контейнерларини ўрнатишдан олдин ободонлик ҳашари ҳам ўтказилгани эътиборга молик. Тадбир давомида корхона ҳудудига туташ магистрал бўйлари турли чиқиндилардан тозаланди.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА