«Танка» танҳо фильм бўлиб қоладими?

“Ўзбекфильм” киностудиясининг техник ёрдами билан бундан 16 йил аввал суратга олинган Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, киносценарист Муратбай Низанов муаллифлигидаги “Танка” комедиясининг миллий қорақалпоқ киносанъатида алоҳида ўрин эгаллаганини таъкидлаб ўтиш ўринли. 
Бадиий фильм ўзбек тилига дубляж қилинганидан сўнг, у фақат қорақалпоқ халқининг эмас, балки бутун Ўзбекистон киноихлосмандларини такрор-такрор томоша қилишга чорлайдиган байрамона экран асарига айланди. Боиси, ҳаётимизда учрайдиган кулгули воқеаларга бой, томошабинларга бир дунё завқ бағишлайдиган асарнинг тарбиявий аҳамияти ҳам юқори саналади. “Танка” М.Низанов қаламига мансуб ягона фильм эмас. “Курорт”, “Ўғри”, “Қўшнилар” каби фильмлари томошабинларнинг севиб томоша қиладиган фильмлар қаторидан жой олди.
Лекин, М.Низановнинг ушбу машҳур фильмларидан, хусусан, “Танка” асаридан сўнг қорақалпоқ киноиндустриясида томошабинлар кўнгилидан жой оладиган яхши асарлар кўринмай қолганлиги ҳақиқат. Қорақалпоқ бадиий киносанъати нима учун инқирозга юз тутди? «Танка» нима учун танҳо фильм бўлиб қолди? Шу ва соҳадаги бошқа масалалар юзасидан сатирик ёзувчи, киносценарист Муратбай Низановни суҳбатга тортдик.
Муратбай Низанов: 
–“Қарақалпақфильм” киностудияси 1970 йили ташкил қилинган бўлиб, у қарийб ўттиз йил ҳужжатли фильмлар студияси шаклида фаолият кўрсатиб келган. Икки мингинчи йилларга келиб у бадиий ва мультипликацион фильмлар, болалар ҳаётига мулжалланган юмористик журналлар яратадиган кўп қиррали студияга айланди.
Айниқса, 2002 йили “Ўзбекфильм” киностудияси билан ҳамкорликда “Танка” фильми яратилгандан сўнг студия машҳурликка қараб илк қадам қуйди. Мана, ўн олти йилдирки, фильм ҳамон телеэкранларда намойиш қилиб келинмоқда. Шу ўринда савол туғилади: нима учун қорақалпоқ киночилари битта яхши фильм яратти-ю, кегин жимиб қолди? “Танка” танҳо фильм бўлиб қоладими?
Йўқ, албатта! “Танка”нинг избосарлари бор эди. Фақат у фильмлар ўзбек тилига дубляж қилинмади ва телеканаллардан намойиш этилмади.
Агар, шу кунларда (бироз кечикиб бўлса-да) “Курорт” фильми ўзбекчага дубляж қилиниб, теледастурларда кўрсатилганида эди, “Э, “танка”нинг изидан яна бир ажойиб фильм пайдо бўлибди-ку” деган дув-дув гап пайдо бўларди. Мен бунга ишонаман.
Мен 2003-2013 йилларда қорақалпоқ киносига раҳбарлик қилдим. Ўша ўн йил ичида 8та бадиий фильм, 10та болалар учун юмористик журнал, тўртта анимацион фильмлар яратилди. Ҳужжатли фильмларнинг саноғини билмайман.
Негадир кейинга пайтда студия суст ишлаяпти. 2013 йилдан буён қорақалпоқ тилида биронта фильм яратилмади. “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан студияга нисбатан ишонч ҳам йўқолиб боряпти. Қанақадир бадиий фильм бермоқчи бўлса, Тошкентдан режиссёр тайинлаб қўяяпти! Тўғри, ўзбек киноси кўп йиллик тарихга эга. Тажрибали, талантли режиссерлар ҳам кўпдир. Аммо, ҳеч ким қорақалпоқ халқининг менталитетини, анъаналарини, яшаш тарзини ўзимиздикалардек етук билмайди-да!
XVII-XVIII асрларда яшаб ўтган қорақалпоқ халқининг буюк аждодлари Маман бий, Айдос бий, улуғ мутафаккир шоирлар Ажинияз, Бердақлар ҳақида зўр фильмлар яратса бўлади.
Айниқса, қорақалпоқ халқ эпоси “Қырқ қыз” (Қирқ қиз) тўғрисида битта фильм яратилса, унинг бош қаҳрамони, саркарда Гулайим образи жаҳонга машҳур “Клеопатра”дан кам бўлмасди.
Хуллас, айнан ишлайдиган вақт келди, яратадиган давр келди. Бунга энди фақат иштиёқ керак!

 

Е.Қаноатов, ЎзА