Ҳиндистонга давлат ташрифи юзасидан брифинг

Нью-Деҳли, 30 сентябрь.
ЎзА махсус мухбири Матназар Элмуродов хабар қилади.


Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди.

Ташрифни ёритиш мақсадида Нью-Деҳлида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг матбуот маркази ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари, Матбуот котиби Комил Алламжонов ташрифнинг биринчи куни натижалари юзасидан ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказди.

Унда Президентимизнинг қадимий Агра шаҳрига ташрифи ва машҳур меъморий обида – Тож Маҳал билан танишуви ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, бугун Нью-Деҳлида Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ўтказиладиган учрашув ҳақида маълум қилинди.

Давлат ташрифининг асосий тадбирлари эртага, 1 октябрь кунига мўлжалланган. Брифингда ОАВ вакиллари давлатимиз раҳбарининг учрашувлари ва музокаралари мавзуси ва тартиби билан таништирилди.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасида қиймати 3 миллиард АҚШ долларидан зиёд шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президентининг мазкур ташрифи Ҳиндистон сиёсий ва бизнес доиралари, кенг жамоатчилик томонидан икки мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа деб баҳоланмоқда.

 

ЎзА