Ўзбекистон Президенти Тож Маҳал меъморий обидасини зиёрат қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга ташрифини Агра шаҳридан бошлади.
Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан ушбу шаҳарда жойлашган жаҳонга машҳур Тож Маҳал меъморий обидасини зиёрат қилди.
Дунёнинг етти мўъжизасидан бири, деб юритилувчи мазкур ёдгорлик Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлоди Шоҳ Жаҳон томонидан 1632-1653 йилларда бунёд этилган. Бобурийлар мероси бўлган ушбу ёдгорлик ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи муштараклиги, икки мамлакат алоқалари мустаҳкам асосга эга экани ифодасидир.
60ceeb87-c500-ed33-36c9-ca6523ad3992.jpg
Шоҳ Жаҳоннинг ҳукмронлик йиллари Ҳиндистонда бобурийлар салтанатининг энг гуллаган, олтин даврлари ҳисобланади. У мамлакатда илм-фан ривожи, бунёдкорлик, маъмурчиликка катта эътибор қаратган. Аградан ташқари Деҳлида ҳам кўплаб иншоотлар, масжидлар қурдирган. Ушбу обидалар ичида Тож Маҳал яратилиш тарихи, гўзаллиги, жаҳон меъморлик санъатининг энг бетакрор анъаналарини мужассам этгани билан алоҳида ажралиб туради. Жамна дарёси бўйида қад ростлаб турган мақбара-ёдгорлик қурилишида ҳинд, ўзбек, форс, турк, араб ва айрим Европа мамлакатларидан уста-меъморлар, бинокорлар иштирок этган.
Дунёда тенги йўқ мазкур обида бобурийлар салтанати бунёдкорлигининг гўзал намунаси сифатида мана неча асрдирки инсониятни ҳайратлантириб келмоқда. Шу боис бу ердан турли мамлакатлардан келган зиёратчилар қадами узилмайди. Бу ерга ҳар йили қарийб 5 миллион турист келади.
9014701b-acf9-fd89-37a4-a8662e1c21ed.jpg
Президентимизнинг Ҳиндистонга давлат ташрифини ушбу мажмуа зиёратидан бошлашида ўзига хос маъно бор. Аждодлар мероси ва қадриятларини эъзозлаш халқларимиз учун бирдек хос бўлиб, бу миллий ўзликни англаш, буюк аждодларимизнинг юксак салоҳиятини чуқур ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Мақбара зиёрати чоғида Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев ҳиндистонлик расмийлар билан мулоқотда Ўзбекистонда ҳам қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар кўплиги, икки мамлакат ўртасида сайёҳлар борди-келдисини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Давлатимиз раҳбари Нью-Деҳли шаҳрига жўнаб кетди.

 

Матназар Элмуродов, ЎзА