Армия — халқимизнинг мустаҳкам қалқони

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида
Парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Намунали ҳарбий-маъмурий сектор, ҳарбий инфратузилманинг ташкил этилиши юзасидан Тошкент вилоятида амалга оширилган ишлар ҳолати ҳақида” қўмита эшитуви ташкил этилди.
Мамлакатимизда Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти ташкил этилди, юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчи ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 2018 йил февраль ойида Бухоро вилоятидаги Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб, намунали сектор фаолияти билан яқиндан танишар экан, мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад армияни халқимизга яқинлаштиришдан иборат экани, ватан ҳимоячиларининг хизмат шароитини яхшилаш, оиласи, фарзандларининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилаётганини қайд этган эди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг ташкил этилиши соҳа ривожи ва тизим такомиллашуви, шунингдек, ҳарбийларимиз учун зарур шароитнинг яратиб берилишида муҳим аҳамиятга эга.
Эшитув давомида Тошкент вилоятида ташкил этилган, вилоят ҳокими раҳбарлик қилаётган ҳарбий-маъмурий секторда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, инфратузилмани ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий қисм ва муассасаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, захирадаги офицер кадрлар билан ишлашни йўлга қўйиш, таълим муассасаларида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида, фаол ҳаётий позицияга эга инсонлар этиб тарбиялаш, ҳарбийларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун яратилаётган шарт-шароитлар борасида соҳа масъулларининг ахбороти тингланди.
Тадбирда Президентимизнинг жорий йилнинг 10 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” юзасидан амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Чирчиқ шаҳрида 8,8 миллиард сўм маблағ ҳисобига республикамизда биринчи бор “Танк биатлони” ҳарбий-тактик ўқув машғулотларини ўтказиш майдони барпо этилган. Бундан ташқари, юртимизда илк бор 10 мингдан ортиқ ҳарбий ва фуқаролар иштирокида “Танк биатлони” ҳарбий-тактик машғулотлари ўтказилди.
Ҳарбий қисм ва муассасалар ошхоналарини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича жорий этилган аутсорсинг тизимнинг юқори самара билан ишлаётгани қайд этилди. Ҳозирда сектордаги ҳарбий қисмларда, махсус танлаб олинган 17 та тадбиркорлик субъектининг 500 нафардан ортиқ ходими аутсорсинг хизматларини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, “Йўл харитаси”да ҳарбийларга имтиёз асосида тақдим этиладиган замонавий уй-жойлар қуриш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент вилоятида соҳа ходимлари учун бунёд этилаётган 416 хонадонга мўлжалланган 16 кўп қаватли уй-жойнинг қурилиш муддатлари, сифати ва муаммолар ҳақида қўмита аъзолари ҳамда сектор масъуллари ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Жумладан, биргина Чирчиқ шаҳрининг ўзида 252 хонадонга мўлжалланган 7 та беш қаватли замонавий уй-жой қурилиш ишлари якунланаётгани ҳақида ахборот берилди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг маъмурий биноси тўлиқ таъмирланган. Юқоричирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими биноси янгидан қурилган. Мазкур ишларга 2,3 миллиард сўм сарфланган. Бир қатор ҳарбий қисмларни ободонлаштириш, йўл қурилиши ҳамда спорт мажмуасини мукаммал таъмирлаш ишлари учун 10,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда бунёдкорлик ишлари якунига етказилмоқда.
Тадбирда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳолидан доимий равишда хабардор бўлиб бориш, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимларининг ўз вақтида, оиласи билан биргаликда дам олишини ташкил этиш, ҳарбийлашган спорт мусобақаларини тизимли равишда уюштириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Тадбир ниҳоясида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА