"Korzinka.uz“ раҳбари Ўзбекистонда таълим сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлади

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқида бўлиб ўтган “Мfond“ мактаб раҳбарлари ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган жамоатчилик хайрия жамғармасининг тақдимот маросимида сўзга чиққан тадбиркор Зафар Ҳошимов ҳақиқатдан ҳам Ўзбекистонда таълим сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлади.
— Ўзбекистонда ҳали ҳам аянчли аҳволдаги мактаблар бор. Бугунги кунда мамлакатимизда замон талабларига мос илм ўрганиш тизимини ташкил қилиш зарур. Илгари ота-оналар болаларига яхши ўқиш билан бирга синфда ҳам фаол бўлишни тайинлар эди. Эндиликда ёшларнинг ўз синфида ҳам энг фаоли бўлиши етарли эмас. Чунки, ўзаро соғлом рақобатни кучайтириш зарур. Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади, – дейди ”korzinka.uz“ тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов.
Мамлакат иқтисодиётини кўтариш учун таълимга инвестиция киритиш, тизимни янада ривожлантириш, малакали ўқитувчи-мураббийларни жалб қилиш зарур. Баъзида шундай вазият ҳам бўладики ўз фаолиятимдан қиёс, соҳага билимли мутахассисларни жалб қилолмаяпмиз. Сабаби улар етари эмас. Бори ҳам хорижга ишлагани кетишни маъқул кўради. Шу каби масалаларни эътиборга олган ҳолда “Мfond“ жамоатчилик хайрия жамғармасига давомий стипендияни жорий этишни йўлга қўймоқчимиз. Бундан кўзланган мақсад тизимни тўғри шакллантириш орқали келгусида барча соҳаларга билимли мутахассисларни таъминлаб беришдир.
Бизнинг фарзандларимиз бу ерда ўн кунда олаётган билимига ривожланган мамлакатларда эса ўқувчилар бир соат вақт сарфламоқда. Ҳозир жойларда сифатли таълим юқори технологиялар асосида жорий этилиш, мамлакатимиз иқтисодиёти кўтарилиши учун, аввало, таълимга алоҳида эътибор кўрсатиш лозим. Юртимиздаги фаол тадбиркорлар ушбу фондни шакллантиришда иштирок этишса, фарзандларимизнинг келажагига пойдевор яратган бўламиз. Бу фонд ўйлайманки, Ўзбекистон келажаги учун муҳим инвестициядир.

 

М.Тошқораева, ЎзА