ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига Германия ташқи ишлар вазирлиги делегацияси ташриф буюрди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига Германия Федератив Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси ташриф буюрди. Улар бошқарма раҳбарияти, масъул ходимлари ва Ички ишлар вазирлигининг Ҳарбий сафарбарлик бошқармаси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг асосий вазифалари ва ёнғиндан сақлаш хизматининг турлари ҳамда хизмат таркибидаги органлар ва уларнинг ваколатлари ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари, фавқулодда вазиятларда, айниқса, зилзила вақтида тегишли идораларнинг ҳаракатлари ҳақида маълумот берилди.
Ўз навбатида, меҳмонлар Германияда янги қурилаётган биноларда ёнғинга қарши талабларнинг бажарилиши, ёнғин хавфсизлиги соҳасида норматив ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ва бошқа масалалар бўйича сўзлаб берди.
Шулар билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг туристик минтақаларида Ички ишлар органлари тизимида Туризм хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари ҳамда уларнинг туристик ҳудудлар, аэропортлар ва темир йўл вокзаллари атрофида бўлинмалари ташкил этилганлиги қайд этилди. Шунингдек Марказий Осиё давлатлари билан табиий офатлар ва фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш юзасидан келишув ҳамда ўзаро алоқа каналлари, эвакуация йўлаклари ва ҳоказолар мавжудлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, меҳмонлар ва чет эл фуқаролари учун Е-mehmon махсус электрон дастурлари яратилганлиги, Ёнғин хавфсизлиги куч ва воситаларини автоматлаштирилган бошқарув тизимини “Хавфсиз шаҳар” ва “Хавфсиз туризм”, “Хавфсиз ҳудуд” аппарат дастурий комплексларига интеграция қилиш орқали ҳамкорликда ишловчи хизматлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш имкониятлари йўлга қўйилганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Учрашув якунида келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва малака ошириш бўйича икки томонлама келишув тузиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА