Бир кун аввал “Пахтакор”, кеча эса АГМК жамоаси рақибларини мағлуб этиб, Ўзбекистон Кубогининг финал йўлланмаларини қўлга киритишди.
Мухлисларни айниқса Қўқондаги учрашув кўп жиҳатдан қизиқтираётган эди. Мамлакат чемпионати ПЕпси Суперлигасининг кучли олтилигига киришга зўр бериб интилган, охир-оқибат сўнгги дақиқаларда бундай бахтдан мосуво бўлган қўқонликлар бор эътиборни Кубок ўйинларига қаратишди. Сабаби, ўзбек футболи ватани вакиллари Осиё Чемпионлар лигасига чиқишни, Қўқонга чинакам катта футбол ҳавосини тақдим этишларини мақсад қилишганди. Чемпионатда бунинг уддасидан чиқиш саробга олий мақсадларга фақат Кубок ўйинлари натижаси элтишига умид қилишди. Худди шундай вазият “Пахтакор”да ҳам бор эди. Фақат битта мақсади – чемпионлик учун курашаётган “шерлар”нинг айни пайтдаги аҳволи юз фоизга кафолат бермаяпти. Бу йўлда уларга “Локомотив” ва “Навбаҳор” жамоалари “халақит” беришяпти. Демак, ҳар эҳтимолга қарши Кубокни ҳам қўлга киритиб қўя қолган яхши.
Қўқондаги ўйин ҳар томонлама шиддатли ўтганлигига ҳамма гувоҳ бўлди. Лекин шу кун мезбонларга аталмаган экан. Биринчи дақиқадаёқ меҳмонлар томонидан киритилган тўп кўп нарсани олдиндан белгилаб қўйгандек бўлди. Тўғри, кўп ўтмай мезбонлар ҳам пенальтидан ҳисобни тенглаштиришди, лекин қолганига уларнинг кучлари етмади. “Пахтакор” сафарда йирик ҳисоб қайд этди ва финалга юқори руҳий кайфият билан йўл олди.
Иккинчи ярим финал жуфтлигининг натижаси саксон фоизга олдиндан башорат қилиб бўлинганди – кўпчилик фоиздаги мухлислар ғалабани “Бунёдкор”га тақдим этганлиги сир эмас. Аммо кеча Миржалол Қосимов шогирдларининг омади юришмади. Гап омадда ҳам эмас аслида, гап меҳнатда, интилишда ва албатта, шижоатда. Буларнинг барига олмалиқликлар сазовор бўлишди.
Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида “қалдирғочлар” устози Миржалол Қосимов мавжуд қийинчиликларга қарамай шогирдлари мардонавор тўп суришаётганлигини, футболда ҳар нарса юз бериши мумкинлигини таъкидлаб, рақибларига кейинги ўйинларда омад тилаб қўя қолди. АГМК бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов хурсандчилигининг эса чеки йўқ эди. Сабаби, у мураббийлик фаолияти давомида биринчи марта Кубок финалига етиб келганлигини, шогирдларининг аксарияти ҳам аввал бу каби юқорироқ марраларга етиб бормаганлигини айтиб, “иштаҳа овқат маҳал келишини”, финалда ҳам фақат ғалаба учун курашишини ваъда қилди…
Ўзбекистон Кубоги. Ярим финал
27 сентябрь
“ҚЎҚОН-1912” – “ПАХТАКОР” – 2:5
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов, Тимур Галеев, Александр Сидоров, Виктор Серазетдинов.
“Қўқон-1912”: Ўткир Юсупов, Ғиёс Комилов (Носир Отақўзиев, 46), Жавоҳир Сиддиқов, Фирдавс Асадов (Баҳодир Акрамов, 70), Ойбек Рустамов, Қувондиқ Рўзиев (Беҳруз Саъдиллаев, 70), Мурод Холмуҳаммедов, Александр Мерзляков, Марко Милич, Иқбол Маликжонов (Суҳроб Бердиев, 46), Муҳаммаданас Ҳасанов (Дарко Гожкович, 58)
“Пахтакор”: Элдор Суюнов, Акмал Шораҳмедов, Шерзод Аъзамов, Азим Аҳмедов (Владимир Козак, 71), Дилшод Раҳматуллаев (Жамшид Искандеров, 80), Жалолиддин Машарипов (Жасур Яхшибоев, 80), Исмоил Гонсалвеш, Егор Кримец,Фаррух Сайфиев, Драган Черан (Баҳром Абдураҳимов, 82), Тиаго Безерра (Игор Сергеев, 78).
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов ( 6-пен.), Суҳроб Бердиев ( 90+1) – Тиаго Безерра (1, 77), Дилшод Раҳматуллаев (21), Исмоил Гонсалвеш (45+1), Жалолиддин Машарипов (66).
Огоҳлантириш: Суҳроб Бердиев (90+1).
Назоратчи – Рашид Айтеков.
Комиссар – Жаҳонгир Раҳматуллаев.
28 сентябрь.
“БУНЁДКОР“ – АГМК – 1:2
Ҳакамлар: Азиз Асимов, Тимур Гайнуллин, Санжар Шоюсупов, Султонмурод Абдурахмонов.
“Бунёдкор“: Суҳробжон Султонов, Рустамжон Ашурматов, Акрамжон Комилов, Дилшод Жўраев, Жавлон Иброҳимов (Абдулла Абдуллаев, 90+3), Муроджон Тошматов, Сардор Собирхўжаев, Мирғиёс Сулаймонов (Дилшод Аҳмадалиев, 46), Хуршид Ғиёсов (Фаррух Икромов, 79), Миржамол Қосимов ( Шаҳзодбек Нурматов, 62), Филип Раевац (Миржаҳон Мираҳмадов, )
АГМК: Роман Абдулов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Азамат Исроилов (Алишер Саматов, 90+5), Зафар Полвонов (Милош Трифунович, 68), Жасур Ҳасанов (Жавлон Гусейнов, 83), Лутфулло Тўраев, Зоҳир Пиримов (Жамшид Ҳасанов, 76), Владимир Бубанья, Владислав Касминин, Йован Жокич, Ойбек Қиличев (Музаффар Музаффаров, 57).
Голлар: Муроджон Тошматов (81) – Музаффар Музаффаров (56), Зафар Полвонов (64).
Огоҳлантиришлар: Ойбек Қиличев (26), Азамат Исроилов ( 90+4).
Назоратчи – Дмитрий Роман.
Комиссар- Баҳодир Мирзаев.
Шу тариқа 28 октябрь, якшанба куни Фарғонанинг “Истиқлол” стадионида ташкил этиладиган Ўзбекистон Кубогининг финалида “Пахтакор” ва АГМК жамоалари ўзаро куч синашади.
Ойбек Юнусов, ЎзА