Оламни, одамни маънавий инқироздан асраб қолишнинг чораси борми?

«Тарғиботчиларга ёрдамчи» лойиҳаси доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида тақдимоти ўтказилаётган Нарзулла Жўраевнинг «Маънавият одам ва олам халоскори» номли рисоласи бир қарашдаёқ ўқувчи эътиборини тортади. 
Тобора мураккаблашиб, маънавий инқирозлар кучайиб, туйғулар емирилиши кузатилаётган асримизда инсон беихтиёр ундан мадад кутади. Оламни, одамни маънавий инқироздан асраб қолишнинг чорасини топгандек қувониб кетади.
– Бугун маънавият ва маърифат масалалари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим омили ва зарур эҳтиёжи сифатида давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди, – дейди китоб муаллифи Нарзулла Жўраев. – Ушбу рисолада айни долзарб муаммоларга мувофиқ тарихан шу маконда яшаб келган халқ турмуш тарзи, руҳияти, анъаналари, урф-одатлари, тарихий ва маданий мероси асосида тарбия топган мустақиллик даври фуқаросини шакллантириш, уни замонавий цивилизация ютуқларидан хабардор қилиш, маънавий оламини бойитишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг маънавият стратегияси таҳлил қилинган…
Мазкур рисола маънавий-маърифий ишлар учун масъуллар, ота-оналар, ўқитувчилар, синф раҳбарлари, тарбиячилар ва тарбия масалалари билан қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА