Уч ярим бараварга кўпайтирилган қарз

Тўрткўл тумани, Тинчлик кўчаси, 49-уйда истиқомат қилувчи Рўзигул Ҳакимова сув таъминоти корхонасидан 1 миллион 772 минг сўмлик қарзи борлиги ҳақида огоҳлантиришнома келганида ҳайратга тушиб, ёқасини ушлади… 
“Наҳотки, қарзим шунчага етган бўлса?!.” дея қаттиқ хавотирга тушди. Ҳаяжонини босиб олгач, муаммонинг илдизини топишга аҳд қилди. Шу илинжда 10-91 рақамли ишонч телефони орқали Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига сим қоқди. Унинг оғзаки шикояти ёзиб олиниб, ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш учун Тўрткўл тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ​ жамиятига юборилди.
Кейинги жараёнларда онахоннинг қарзи аслида 500 минг 638 сўмдан ошмаслиги, таъминотчи корхона ходимлари эса унга 1 миллион 271 минг 362 сўм миқдоридаги сунъий қарзни қўшиб, уч ярим бараварга ошириб кўрсатишгани юзага қалқиб чиқди. Рўзигул опа қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатишгани учун жамият ходимларига миннатдорлик билдириб, ҳақиқий қарзини дарҳол тўлади.
Албатта, иш бор жойда хато-камчиликлар ҳам бўлади. Уларнинг иссиғида бартараф этилиши эса кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг ҳушёрлигига ва ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Демак, улар Ўзбекистон Республикасининг​ “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни билан яқинда танишиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини пухта билиб олсалар, фойдадан холи бўлмайди.

 

ЎзА