Муҳтарам Президент жаноблари!
Сизга Жаҳон банки ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзаро ишончга асосланган мулоқот ва конструктив шериклик йўлга қўйилгани учун самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Сизнинг шу йил май ойида Вашингтонга ташрифингиз давомида бўлиб ўтган самарали учрашувдан буён биз ўзаро ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича сезиларли муваффақиятларга эришдик.
Жаҳон банки гуруҳи экспертлари Ўзбекистон ҳукуматига энг муҳим масалалар, жумладан, энергетика тармоғини ислоҳ қилиш, солиқ ва савдо сиёсатини такомиллаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, мактабгача таълимни ривожлантириш, Иқтисодий кенгашни ташкил этиш ва бошқа соҳалар бўйича кўмаклашиш мақсадида мамлакатингизга мунтазам равишда ташриф буюрмоқда.
Яқин ҳамкорлик амалга оширилмоқда ва умумий қиймати қарийб 1 миллиард долларлик 8 та қўшимча лойиҳа тайёрланмоқда. Бу лойиҳалар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ҳамда қишлоқ жойларда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастурини қўллаб-қувватлашни ҳам қамраб олади.
Мен Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг суръати, миқёси ва кўламидан ҳануз чуқур таассуротдаман. Инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳамизнинг дастлабки босқичларида Ўзбекистоннинг иштирок этишига имконият яратилгани учун ҳам Сизга самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. Бизнинг бу борадаги ишларимизга давлат раҳбари сифатида Сиз ҳам қўшиласиз, деб умид қиламан.
Ўзбекистонга таклиф қилганингиз учун Сиздан ғоят миннатдорман ва яқин фурсатда мамлакатингизга келишдан умидворман.