Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBО) сентябрь ойи учун ўзининг янгиланган рейтингини эълон қилди. Мазкур рейтингдан мамлакатимизнинг 7 нафар боксчиси жой олди.
Мазкур рейтингнинг ярим ўрта вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов ўтган ойдаги каби ўз пешқадамлигини сақлаб қолган бўлса, Олимжон Назаров ўта енгил вазнда тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Биринчи ярим енгил вазн тоифасида рингга чиқаётган Муҳаммад Шехов эса бир поғона кўтарилиб, кучли бешликни якунлаб берди. Муроджон Аҳмадалиев биринчи ярим енгил вазн тоифасида 8-ўринни эгаллади.
Жорий йилги мавсумда ўзининг бор эътиборини Олимпия ўйинларида иккинчи бора ғолиб бўлишга қаратган Ҳасанбой Дўсматова WBО рейтингида бироз пастлади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Ҳасанбой Дўсматов биринчи ўта енгил вазнда ўтган ойдагидан икки поғона пастлаб, 10-ўриндан жой олди.
Шунингдек, Бектемир Мелиқўзиев супер ўрта вазнда 11, Баҳодир Жалолов эса супер оғир вазнда 15-ўринда қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА