Хитой Тайпейида U20 ёш тоифасида футбол бўйича Осиё кубоги саралаш босқичи ўтказилмоқда. Унда Фарҳод Нишонов бошчилигидаги Ўзбекистон U20 терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.

Терма жамоамиз мазкур саралаш босқичида “B” гуруҳидан ўрин эгаллаган бўлиб, илк ўйинда Камбоджани 7:0, Непални 6:0 ҳисобида таслим қилган эди. Шу тариқа, футболчиларимиз “B” гуруҳида битта ўйин кам ўтказган бўлсада, 6 очко билан голлар нисбатига кўра биринчи поғонани эгаллаб турибди.

Шунингдек, Камбоджа 3 та ўйинда 6 очко жамғариб, иккинчи ўринда бораётган бўлса, Баҳрайн ва Непал 3 очко билан 3-4-поғонада бормоқда. Мусобақа мезбонлари ҳисобланган Хитой Тайпейи икки ўйинда мағлуб бўлиб, сўнгги поғонада қолмоқда.

Бугун, 27 сентябрь куни Ўзбекистон U20 терма жамоаси Хитой Тайпейи билан баҳслашади. Непал эса Баҳрайн билан ўйнайди. Камбоджа ёшлар термаси эса дам олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА