Мамлакатимизда футзал бўйича бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг 1/8 финали доирасидаги Португалия ва Қозоғистон терма жамоалари учрашувида қозоғистонлик футзалчиларнинг қўли баланд келди.

Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида бўлиб ўтган учрашув биринчи таймининг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида ўтди. Ҳар икки жамоа ҳужумлар уюштириб, рақиблари дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирди. Ўйиннинг 5-дақиқасида португаллар голли вазиятдан унумли фойдалана олмади.

Ўйиннинг 11- дақиқасига келиб, Қозоғистон терма жамоасининг 10-рақамли ўйинчиси Чингиз Есенаманов кучли зарба билан гол киритиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Шундан сўнг португалларнинг кетма-кет хавфли ҳужумлари бартараф этилди. Биринчи таймнинг сўнгги дақиқаларида қозоғистонлик футзалчилар анча фаол ўйин кўрсатди, хавфли ҳужумлар ташкил этилди.

Ўйиннинг биринчи тайми Қозоғистон термаси фойдасига 1:0 ҳисобида якунланди.

Учрашувнинг иккинчи тайми португалиялик футзалчиларнинг хавфли ҳужумлари билан бошланди. Натижада таймнинг дастлабки дақиқасидаёқ қозоғистон дарвозаси ишғол этилди. Португалия терма жамоасининг 6-рақамли ўйинчиси Те Зики гол киритиб,  ҳисобни тенглаштирди.

Шундан сўнг португалларнинг ҳужумлари янада кучайди. Лекин хавфли вазиятлар юзага келтира олишмади. Қозоғистонлик футзалчилар ҳимояда тартибли ўйин кўрсатди.

Таймнинг ўрталарига келиб, Қозоғистон термаси ҳам ҳужумлар ташкил этиб, рақиблар дарвозаси олдида қатор хавфли вазиятларни юзага келтирди. Ўйин асосан, тенг курашлар остида ўтди.

Ўйин драматик тарзда якун топди. Учрашув якунланишига 14 сония қолганида Қозоғистон терма жамоасининг 12-рақамли ўйинчиси Даурен Турсагулов чиройли тарзда гол киритиб, Қозоғистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Шундай қилиб, Қозоғистон термаси кучли рақиб Португалияни 2:1 ҳисобда мағлубиятга учратиб, 1/4 финалга йўлланма олди.

Кейинги босқичда қозоғистонлик футзалчилар 1/8 финал доирасида эртага бўлиб ўтадиган Аргентина Хорватия ўйини ғолиби билан куч синашади.

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари