Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Бу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий тараққиётига катта зарар етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг долзарб масалалари қаторидан ўрин олган. Чунки ҳозирги даврда ушбу иллат кўплаб давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсата олди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан “Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилувчи иллат” номли тадбирда айнан шулар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Нукус шаҳар прокуратураси вакиллари иштирок этиб, коррупциянинг келиб чиқиши, унинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий зарари, унга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари, бу борада мамлакатимизда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг мазмун-моҳияти, асосий тамойиллари ҳақида маълумот берилди.

Маълумки, 2017 йил 3 январда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, мамлакатимизда унга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун-моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалари билан бир қаторда, тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ва жамият манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш зарурати юзага келиши билан белгиланади.

Тадбирда 2024 йил 5 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди. Қонунда давлат органларининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаат, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилганлиги қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.