Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган мақсадлардан бири аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни яратиш ҳамда улар учун қулай ва мақбул муҳитни яратиш бўлиб ҳисобланади.
“Юксалиш” ҳаракати мазкур вазифаларнинг ижроси самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳудудий қон қуйиш марказлари билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг 14 та ҳудудида жорий йилнинг 9-13 сентябрь кунлари “Биз донормиз” қон топшириш акциясини ўтказиши режалаштирилган.
Мазкур акция Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида ҳам бўлиб ўтди. Унда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Миллий гвардия ходимлари, ёшлар ва фаол фуқаролар иштирок этди.
Акциядан кўзланган мақсад мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг оғир жароҳатлар ёки саратон касаллигига чалинган ва қон қуйишга муҳтож бўлган беморларни қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, жамиятда ўзаро ёрдам маданиятини шакллантириш, бу жараённинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, донор қони тақчиллиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 нафар кишига камида 10 нафарни ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши керак. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2023 йилда ҳар 1000 нафар аҳолига 7,8 нафардан тўғри келган.
Қон топширишнинг донорга ҳам талайгина фойдаси бор. Уларнинг қони доим янгиланиб туриши ҳисобига инфаркт, инсульт ва бошқа юрак касалликларига чалиниш хавфи камаяди. Қолаверса, донорлар қон топширишдан олдин шифокор қабулида бўлади. Бу доимий равишда саломатликлари ҳақида бепул маълумотга эга бўлиш имконини беради.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.