Шу кунларда Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари Федерацияси бошчилигидаги ишбилармон доира вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Ташриф доирасида қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, логистика, таълим, қурилиш ҳамда туризм соҳаларида иш юритувчи 150 га яқин икки давлат вакиллари иштирокида бизнес форуми ҳамда В2В форматдаги икки томонлама учрашувлар ташкил этилди.
Нукус шаҳридаги “Оқ қуш” мажмуасида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари Федерацияси бош маслаҳатчиси Манаб Мажумдар мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, шунингдек, мазкур анжуманнинг мазмун-моҳиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор натижасида қўшни давлатлар билан алоқалар бугунги кунда мисли кўрилмаган даражага чиқди. Ўзбекистон маҳаллий корхоналар учун ҳам, чет эл компаниялари учун ҳам катта бозорга айланди. Шу жумладан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айланмаси 2023 йил ҳолатига кўра, 691,5 миллион долларни ташкил этди. Шундан, ушбу давлатга амалга оширилган экспорт ҳажми 36,5 миллион доллар, импорт ҳажми 655,1 миллион доллардан иборат.
Тадбир давомида иштирокчиларга Қорақалпоғистоннинг бугунги кундаги туризм салоҳияти, Президентимиз раҳбарлигида ушбу соҳани ривожлантиришда яратилаётган имкониятлар, йўлга қўйилаётган янги туризм йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон туристик манзил сифатида ҳиндистонликларда борган сари катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланиб, келажакда Қорақалпоғистон билан туризм, киноиндустрия, мода ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.
Форумда қорақалпоғистонлик бир қатор туристик ташкилот вакиллари юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар ва имкониятлар ҳақида сўзлаб, ҳиндистонлик тадбиркорларни ушбу йўналишида ҳамкорлик қилишга чақирди.
– Биз келажакда турли жабҳаларда, шу жумладан, IT соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлашга келишиб олдик, – дейди Ҳиндистоннинг етакчи Marco Polo Ventures ташкилоти раҳбари Сачдев Рамакришна. – Оролбўйида туризмни ривожлантириш бўйича катта имкониятлар мавжуд эканлигининг гувоҳи бўлдик. Бунда мазкур форум муҳим аҳамият касб этади.
Меҳмонлар “Nukus SSP texnopark”, “Karakalpak Basalt wool” саноат зоналарида, “Nukuselektroapparat”, “Orient technology” корхоналарида, жаҳонга маълум И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида ҳамда Нукус шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.