Мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари қаторида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам 2024-2025 ўқув йилининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, фахрий устозлар, институт жамоаси, талаба-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Байрам тадбирини институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров очиб берди ва иштирокчиларни Мустақиллигимизнинг 33 йиллик байрами, шунингдек, янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади.

Таъкидланганидек, янги ўқув йили арафасида институтнинг икки минг ўринга мўлжалланган янги ўқув биносининг фойдаланишга топширилиши 90 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турган институт жамоаси учун, шу билан бирга, мазкур таълим муассасасига исми берилган Қорақалпоқ мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллигига муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Янги ўқув биносида замонавий ўқув ва маъруза аудиториялари, энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар, IT-инкубация, ахборот-ресурс марказлари, бу йилги ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида жорий этилаётган регистратор офиси ҳамда бошқа кўпгина имкониятлар яратилган.

Мазкур ўқув йилида институтнинг кундузги, сиртқи, кечки, масофавий таълим йўналишлари учун жами 2 минг 640 та ўрин, магистратура босқичида 22 та мутахассислик учун жами 161 та ўрин ажратилди. Алоҳида қайд этиш жоиз, бу йилги ўқув йили учун институтда биринчи марта масофавий таълим шакли бўйича ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишига қабул амалга оширилди. Шу билан бирга, бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида янгидан сурдопедагогика, олегофренопедагогика, немис тили, психология, амалий математика каби таълим йўналишларига қабул бўлиб ўтди. Элликқалъа педагогика факультети учун бакалавриатнинг 6 та таълим йўналиши бўйича алоҳида квота ажратилди. Магистратурада янгидан тестология ва билимларни баҳолаш мутахассислигига талабалар қабул қилинди.

– Тўрткўл туманидаги 67-сон умумтаълим мактабини тугатиб, институтнинг Қорақалпоқ тили ва адабиёти таълим йўналишига топширдим. Кириш тест синовларида умумий 170 балл тўплаб, давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Мазкур даргоҳда Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқиб, халқимизга хизмат қилган. Мен ҳам уларнинг йўлини намуна деб билиб, ушбу таълим муассасасида ўқишни мақсад қилган эдим. Бугун ўз мақсадимга эришдим. Албатта, институтда билим ва кўникмаларимни янада такомиллаштириб, келажакда мамлакатимизнинг таълим соҳаси ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман, – дейди Гўзал Жақсимуратова.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Татлимурат Атамуратов, фахрий устоз, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бегдулла Султанов, институтда фаолият юритаётган фахрий устозлар, шунингдек, бу йилги кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаб, талабаликка тавсия этилган ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларнинг олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар ўрганиши, илм билан шуғулланиб, ўз қобилиятини юзага чиқариши борасида яратилаётган шароитлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Янги ўқув йилининг дастлабки куни “Мустақиллик дарси” билан бошланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.