Пойтахтимизда III Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Мазкур форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим тадбир бўлиб, унда 93 та мамлакатдан 2,5 минг нафарга яқин делегат, жумладан ҳукумат ҳамда йирик компаниялар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.

Форум доирасида белгиланган учрашувлар бошланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов аграр соҳага қизиқиш билдирган ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган хорижий ташкилот ва идора раҳбарлари билан мулоқот олиб бормоқда.

Иброҳим Абдураҳмонов ва Россия биотехнологик тадқиқот ва ишлаб чиқариш компанияси — “IMPACT.BIO” Бош директорининг биринчи ўринбосари Иван Савинсев ўртасида ташкил этилган мулоқотда Ўзбекистонда “Озуқа ва озиқ-овқат мақсадларида оқсил маҳсулотларини ҳамда биологик парчаланадиган полимерларни метанотроф синтез қилиш ва ишлаб чиқариш технологияси” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш ва бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, биотехнологик ишлаб чиқариш мажмуаси маҳсулотлари юқори самарали озуқа ва озиқ-овқат қўшимчалари бўлиб, МДҲ мамлакатлари ва Марказий Осиё бозоридаги оқсил маҳсулотлари тақчиллигини тўлдириш ва импорт аналогларини алмаштириш имконини беради. И.Абдураҳмонов айни лойиҳа аҳамияти ҳақида сўз юритар экан, бу каби инвестицион лойиҳалар бугунги кун талабига мос экани, бу борада вазирлик ваколати доирасида кўмак берилишини қайд этди.

Франциянинг “Selerys” компанияси бош ижрочи директори Фабриcе Cақуин билан бўлиб ўтган учрашувда “Selerys” компаниясининг  дронлар ва иссиқ ҳаво шарлари ёрдамида қишлоқ хўжалиги учун ёмғир чақириш технологиялари устида олиб бораётган тажрибаси, компаниянинг инновацион ечимларини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тизимига қандай интеграция қилиш мумкинлиги ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини бошқаришни яхшилаш ва экинлар учун мўлжалланган илғор прогнозлаш моделлари хусусида сўз юритилди.

Қайд этиш лозимки, мазкур компания асосан рақамли, ақлли ва операцион ечимлар асосида сунъий ёмғир ёғдириш орқали экинларни суғориш технологиясини ишлаб чиқариш борасида фаолият олиб боради.

И.Абдураҳмонов “Selerys” компаниясининг тақдимоти билан танишар экан, ёмғирлатиб суғориш технологиясининг ўрни ва аҳамияти, уни татбиқ этиш орқали ҳосилдорлик ошишини таъкидлади. Ўз навбатида келгусидаги манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар борасида қатор келишувларга эришилди.

Саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича дунёнинг етакчи компанияси саналадиган АҚШнинг “Air Products” компанияси Европа ва Африка минтақалари бўйича президенти Иво Болс билан ўтказилган суҳбат жараёнида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳамкорлик шартномаси саноатнинг турли сегментларида маҳсулдорлик ва маҳсулот сифатини ошириш учун саноат газларидан фойдаланишга қаратилган.

Иброҳим Абдураҳмонов панель учрашувлар давомида Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирининг парламент котиби Офелия Никни қабул қилди.

Мулоқот давомида, икки давлат ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, Германиянинг қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш борасидаги бой тажрибасини юртимизда кенг жорий қилиш, агросаноат мажмуасига инновацион технологияларни жорий этиш амалиётини ўзлаштириш мақсадида таълим йўналишидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт ва импорт масаласи муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш учун ҳамкорлик ва тармоқ яратишнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Вазир озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида Германия тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш кечиктириб бўлмас масалалардан бири эканини қайд этди.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА