“Ўзагросуғурта” АЖ Бошқарувида Буюк Британиянинг «Guy Carpenter» қайта суғурта брокери (Guy Carpenter & Company, LLC) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Жамият Бошқаруви раҳбарияти, Қайта суғурталаш ва халқаро муносабатлар департаменти масъул ходимлари ҳамда Гуй Карпентер қайта суғурта брокери Варшава филиали вице президенти Войцех Лазарский ҳамда Лондон филиали вакили Ирина Те иштирок этди.

Учрашувда томонлар Буюк Британия ҳамда мамлакатимиз суғурта ва қайта суғурта бозорининг бугунги ҳолати бўйича фикрлашди. Компаниялар фаолияти, эришилган ютуқлари, истиқболдаги режалари, шунингдек, халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида ўзаро маълумот алмашишди.

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти ҳамда «Guy Carpenter» қайта суғурта брокери ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қулай ва манфаатли қайта суғурта хизматлари тақдим этиш борасида тажриба алмашиш ҳамда келгусида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этиш жоиз, «Guy Carpenter» қайта суғурта брокерига 1922-йилда асос солинган бўлиб, у дунё бўйлаб 60 дан ортиқ офисларига эга йирик қайта суғурта брокерларидан бири саналади. Компания  юқори даражадаги мутахассисларни бирлаштирган ҳолда қайта суғурталаш билан боғлиқ хизматларни тақдим этиб келмоқда.