Москва шаҳрида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги статистикасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида статистика бўйича талабалар халқаро олимпиадасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилмоқда.

Унда МДҲнинг еттита давлатидан иштирок этаётган 13 та жамоа ўз имкониятларини синаб кўрмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси илмий раҳбари Бунёд Утановнинг Москва шаҳридан хабар қилишича, бугунги илмий тадқиқот натижалари бўйича ҳисоботда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг ҳар иккала жамоаси ҳам фаол иштирок этиб, ўзлари томонидан тайёрланган илмий тадқиқот ишларини муносиб ҳимоя қилди.

–Бизнинг жамоа томонидан тайёрланган тадқиқотда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, таълимга берилаётган имкониятлар ва уларнинг натижалари статистик таҳлил қилинди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳолати статистик таҳлилини амалга оширишда таълим статистикаси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Таълимга берилаётган имкониятлар ҳамда таълим тизимини янада ривожлантириш учун назария ва амалиётнинг интеграциясини таъминлаш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун иш берувчи, халқаро таълим  дастурлари асосида шаклланган фанлар муҳим аҳамият касб этади. Айни талаблар асосида юртимизда, хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини қайта ислоҳ қилиш жараёнида ҳам жуда катта амалий ишлар қилинаётгани статистик кўрсаткичлар билан намойиш этилди.

Ёш тадқиқотчилар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида таълим  соҳасидаги назария ва амалиётнинг интеграцияси жуда катта омил бўлиб хизмат қилади, деган хулосага келди.

Эслатиб ўтамиз, 23 май куни уч йўналиш бўйича олимпиада ғолиблари аниқланади.

 

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА