Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда икки давлат Президентларининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб амалга ошираётган оқилона сиёсати натижасида кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилди, халқларимиз ўртасида ишончли дўстлик атмосфераси яратилди, алоқаларимиз кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқилди.

Учрашувда икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал тус олгани, фаол сиёсий мулоқот олиб борилаётгани, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, самарали маданий-гуманитар алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда икки палатали парламентнинг фаолияти, қонун ижодкорлиги йўналиши, палатанинг қўмиталари, комиссиялари ҳамда депутатларнинг асосий вазифалари тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида кечган учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро алоқаларнинг кенгайиши, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Ўзбекистон-Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган қатор ижобий ишлар эътироф этилиб, унинг фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, маслаҳатлашув учрашувларни доимий равишда ўтказишни йўлга қўйиш, икки мамлакат парламентлари қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ўртасида алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар.

Ўз навбатида, Нуман Куртулмуш кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этиб, парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

— Ўзбекистонга ташрифимиз доирасида ўтказиладиган учрашувлар амалий ва мазмунли ўтишига ишонаман, — деди Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш. — Бугунги мулоқот ҳам самарали ва қизғин ўтди. Биламизки, Ўзбекистон дунё цивилизациясига, илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган буюк алломалар, олимлар юрти. Буни нафақат биз, балки бутун жаҳон билади. Ана шундай илм намояндаларини етиштирган заминда турганимиздан бахтиёрмиз. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани диққатга сазовор. Айниқса, сўнгги вақтларда илм-фан, санъат, маданият каби соҳаларда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганига гувоҳ бўляпмиз. Шуни алоҳида айтиш мумкинки, икки давлат етакчиларининг яқин дўстлиги, ўзаро ҳурмати туфайли барча соҳаларда алоқаларимиз янада мустаҳкамланмоқда. Биз, парламент вакиллари ҳам Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар, фан-таълим, туризм ва бошқа соҳаларда икки ва кўп томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда фаол бўламиз. Бугунги учрашувимиз эса парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашувда томонлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

 

ЎзА