Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, бу борада учраётган муаммоларни бартараф этишга бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида белгилаб олинган топшириқларнинг ижроси, аҳоли бандлигини ва даромад олишини таъминлаш бўйича маҳаллаларда кичик ва микро лойиҳаларни ишга тушириш, норасмий иш ўринларини расмийлаштириш, ёшларга ер майдонларининг ажратилиши, жойларда ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши, фуқароларни уй-жой билан таъминлаш борасида субсидияларнинг ажратилиши ва бошқа аҳамиятли масалалар кўриб чиқилди.

Бугунги кунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида юзага келаётган муаммоларга ечим топиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиш жоизки, 2024-2027 йилларда халқаро молия институтлари иштирокида ичимлик суви тармоқларини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича умумий қиймати 238 миллион АҚШ долларлик икки инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Мазкур маблағлар ҳисобидан 3 минг 114 километр ичимлик суви тармоғи ва 124 та ичимлик суви объектини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини олиб бориш белгиланган. Шунинг натижасида 246 минг нафар фуқаронинг тоза ичимлик суви билан таъминланиши, 422 минг нафар фуқаронинг ичимлик суви таъминотининг яхшиланиши, сўнгги 3 йилда тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 72,4 фоиздан 83,1 фоизга етиши кутилмоқда.

Аммо шаҳар ва туманларда сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалар бўлиб, жами 76 тасида ичимлик суви билан таъминланиши муаммо бўлиб келмоқда. Шунинг учун, мазкур маҳаллаларнинг ҳар бирига режадаги ичимлик сув объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларини амалга оширишда масъул раҳбарлар бириктирилди.

Мазкур маҳаллалардаги объектларни йил якунига қадар сифатли фойдаланишга топшириш чораларини кўриш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири