Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов бошчилигидаги делегация Лондон шаҳрида ўтказилаётган “Жаҳон таълим форуми – 2024”да иштирок этмоқда.

Тадбирда 100 дан ортиқ давлатнинг таълим, технология вазирлари ҳамда давлат ва хусусий ташкилотлар раҳбарлари ва йирик технологик компаниялар қатнашмоқда.

Лондонда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон таълим форумининг бу йилги асосий мавзуси жадал ривожланаётган сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг таълим тизимидаги роли ва муҳимлигига бағишланди.

Тадбир Буюк Британиянинг таълим вазири Джиллиан Киган томонидан очиб берилди ҳамда спикерлар томонидан маърузалар ташкил этилди.

Лондон сафаридан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг IT салоҳиятини Британиянинг нуфузли ОТМлари ва  IT компанияларига намойиш этиш, соҳада амалга оширилаётган янги лойиҳалар,  IT таълимни ривожлантириш йўлидаги замонавий тенденциялар билан таништиришдан иборат.

Форумнинг биринчи куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда таълимга янги методикаларни жорий этиш, сунъий интеллектдан фойдаланиш, таълим маданиятини яратиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида Буюк Британиянинг бир қатор етакчи IT компаниялари ва IT таълим ташкилотлари билан учрашувлар ва музокаралар олиб борилди, ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

 

Н.Раҳмонова,

ЎзА