Шу йилнинг 21-23 май кунлари “Ўзэкспомарказ” павильонларида “UzCharmExpo-2024 Leather Goods” чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, мўйна, жун ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 16 Халқаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Савдо-саноат палатаси, “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва Халқ банки томонидан ташкил этилган кўргазмада миллий ва хорижий брендлар ўзларининг энг сўнгги ишланмалари, хизматлари билан иштирок этмоқдалар. Мазкур кўргазма ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама алоқаларни ўрнатиш, ишбилармонлик портфелини янги бизнес лойиҳалар билан бойитиш ҳамда кооперация алоқаларини ўрнатишда, халқаро таниқли брендларни жалб қилиш ва соҳа экспортини янада оширишда самарали майдон саналади.

Унда Хитой, Италия, Туркия, Эрон, Россия, Беларусь, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатларнинг ишлаб чиқарувчилари томонидан чарм-пойабзал саноати учун инновацион технологик ечимлар таклиф этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 2017-2022 йилларда Ўзбекистонда 250 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар, жумладан, хомашё, бутловчи буюмлар ва материаллар маҳаллийлаштирилди. Бу эса импортни қисқартириш, чарм-пойабзал маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконини бермоқда.

16 халқаро кўргазмада иштирок этиш мақсадида 300 га яқин маҳаллий ва 30 дан ортиқ хорижий давлат ташкилотлари ва компаниялари ўз маҳсулотлари билан иштирок этяпти.

Ушбу намойиш нафақат компанияларнинг салоҳияти, маҳсулот ассортименти ва соҳадаги инновациялар билан танишиш имкониятини, балки, B2B ва G2B, G2G форматдаги музокаралар учун самарали платформадир. Шунингдек, кўргазма доирасида турли мамлакатлар билан маҳсулотларни хорижга, хусусан, Европага етказиб беришни кўпайтириш, халқаро брендларни жалб қилиш, уларнинг сифат сертификатларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.  Маҳаллий чарм, пойабзал, атторлик, қоракўл, жун ва мўйна саноатининг энг фаол таклифларини қамраб олган кўргазма 23 май куни ҳам давом этади.

Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА